tgoop.com/oriftolib/2099
Last Update:
“Инсон” сўзини қўллашдаги хатолар
Инсон сўзини қўллаш хато бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан:
1️⃣ Алп Эр Тўнга – тарихий шахс. (Бу ўринда маънодошлардан фақат шахс сўзини ишлатиш мумкин.)
2️⃣ Эр киши аёлига юмшоқ муомала қилиши керак. (Бу ўринда бошқа синонимларни қўллаб бўлмайди.)
3️⃣ Фақат жиғилдонини ўйлайдиган кимсалар дарахтларни кесиб, пуллаб юборди. (Бу ўринда кимса сўзини қўллаш энг тўғрисидир.)
ОАВ ва оғзаки тилда йўл қўйилаётган хатоларга эътибор қаратамиз:
1️⃣ Айни дамда бир инсонимиз қўнғироқ қилиб, бизга боғландилар.
Бу гапни “Ҳозир бир мухлисимиз (тингловчимиз, томошабинларимиздан бири) қўнғироқ қилиб, бизга боғландилар”, деб ишлатиш тўғри бўлади.
Шу ифоданинг бошқа кўринишлари ҳам бор. Масалан, “Бир инсонимиз келдилар”, “Тежамкорликнинг аҳамиятини тўғри англаган инсонларимиз исрофдан тийиладилар”. Биринчи мисолда бир сўзини ҳам олиб ташлаб, меҳмонимиз, биз кутган киши, иккинчи мисолда эса кишилар ёки сўзни тўла қисқартириб тўғри англаганлар дейиш мумкин.
Изоҳ: инсон ҳеч кимники бўлмайди. Шундай экан, инсоним, инсонинг, инсони, инсонимиз, инсонингиз, инсонлари дейиш хато. Қадрдли инсоним деб ёзиш ўрнига қадрдоним ёки азизам дейиш тўғри ва мантиқли.
2️⃣ Тадбирга жуда кўп инсонлар келди. Бу жумлада энг мос сўз кишидир. -лар қўшимчаси ҳам ортиқча, чунки кўп сўзида кўплик маъноси ифодалаб бўлинган. Ёки одам сўзини ҳам ишлатиш мумкин.
Энди шу жумланинг сал ўзгарган шаклига эътибор қаратамиз: Тадбирга жуда кўп таниқли инсонлар келди. Бу ўринда ҳам энг тўғри танлов киши сўзидир: Тадбирга жуда кўп таниқли кишилар келди.
Бошланиши:
Инсон ва одам
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/2099