tgoop.com/oriftolib/1834
Last Update:
“Деб” ва вергул
#Сўраган_эдингиз
Тажрибали муҳарриру мусаҳҳиҳларни ҳам ўйлантириб, чалкаштириб қўядиган ҳолатлардан бири деб сўзи билан вергул ишлатишдир. Ҳатто пунктуация қоидалари ҳақидаги китоб ҳам чалкашликларга йўл қўйган. Битта ўриндаги принцип кейинги ўринда тескарисига ишлаган.
Мен тиниш белгиларини ўта зарурат бўлсагина ишлатиш тарафдориман. Жумладан, деб сўзи билан ҳам. Вергул талаб қиладиган ҳолат бўлса, қўллаш керак. Бўлмаса – йўқ.
Изоҳли луғат деб сўзи равишдош бўлиб келганда ундан олдин, қўшма гап таркибидаги боғловчи бўлиб келганда эса ундан кейин вергул ишлатган. “Ўзбек тили пунктуациясининг асосий қоидалари” китоби ҳам шу йўлдан борган. Лекин китобда вергул ишлатилмаслиги керак бўлган иккита ҳолат тилга олинган:
1️⃣ Баъзан деб шакли гап таркибида сабабли, туфайли, учун каби ёрдамчи сўзларнинг синоними каби қўлланади, бундай ҳолатларда деб сўзидан кейин ҳам, олдин ҳам вергул қўйилмайди:
Арзимаган ошиқ-маъшуқнинг хати деб бутун почта oвopa бўлади.
Ў. Умарбеков
2️⃣ Баъзан деб шакли гап таркибида сифатида ёрдамчи сўзининг синоними каби қўлланади, бундай ҳолатларда деб сўзидан кейин ҳам, олдин ҳам вергул қўйилмайди:
Саид буни совғаларнинг дебочаси деб биларди.
У. Ҳамдам
Лекин юқоридаги каби принцип бир ўринда қўлланмаган. Китоб: “Эргаш гап бош гапга деб воситасида боғланса, ундан кейин вергул қўйилади”, деб таъкидлайди:
Ҳовлидаги супага тўшалган бўйра устига ёйилган туршакларни қуш таламасин деб, қўриқлаб ўтирдим.
Ў. Ҳошимов
Мен шу ўринда ҳам вергул ишлатилмаслиги керак деб ҳисоблайман. Нега? Чунки деб сўзи мақсадида, деган мақсадда сўзининг синоними каби қўлланяпти. Ўрнига синонимини қўйсангиз, вергул ишлатилмаслиги ойдинлашади:
Ҳовлидаги супага тўшалган бўйра устига ёйилган туршакларни қуш таламасин деган мақсадда қўриқлаб ўтирдим.
Хўш, қачон вергул ишлатиш керак? Ҳамма ёқ қўштирноқзор бўлиб кетмаслиги учун кўпинча бадиий ва публицистик матнларда кўчирма гаплар қўштирноқсиз берилади. Худди шундай ҳолатларда деб сўзидан олдин вергул қўйиш ўринли:
Бунақа ҳолатларга олдиндан тайёр бўлиш керак, деб эътироз билдирди у.
Энди нима қилсам экан, деб ўйлаб ўтирибман.
Юқоридаги икки мисолда деб сўзи кўчирма гапни ифодалаш учун хизмат қиляпти. Бу икки гап аслида кўчирма гап қоидасига кўра қўштирноққа олиниши, вергул эса қўштирноқдан кейин қўйилиши керак:
“Бунақа ҳолатларга олдиндан тайёр бўлиш керак”, деб эътироз билдирди у.
“Энди нима қилсам экан”, деб ўйлаб ўтирибман.
Аммо тиниш белгиларини кўп ишлатиб, ўқувчини чалғитмаслик учун баъзан қўштирноқлардан воз кечилади. Битта вергул орқали ҳам жумла бошқа кишига тегишли экани англашилади. Бадиий ва публицистик матнларда, шахсий ёзишмаларда бу усул ўзини оқлайди.
Кўчирма гапларда тиниш белгиларини ишлатиш ҳам ислоҳга муҳтож. Насиб қилса, бу ҳақда алоҳида тўхталаман.
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1834