tgoop.com/oriftolib/1651
Last Update:
Ўрта денгиз
Тинч океани дейиш хатолиги, Тинч океан шакли тўғри экани ҳақида ёзганимда кўпчилик ҳайратга тушганди. Баъзилар ҳатто ғазабланиб ҳам кетди 🙃. Тўғри деб ишонганингни хато дейишса, алам қилади-да. Бугун шунга ўхшаш яна бир маълумот билан бўлишмоқчиман. Тошпўлат тажанглар тирсагини тишлашга тайёр тураверсалар ҳам бўлади.
Африка ва Европа қитъалари орасида бир денгиз бор, номи – Ўрта денгиз. Уни ўзбекчада кўпчилик Ўртаер денгизи ёки Ўрта Ер денгизи шаклида хато ишлатади. Манаман деган нашрлар, китоблар, ҳатто қўлланмаларда ҳам учрайди бу ҳолат. Лекин миллий энциклопедия ва энциклопедик луғатни варақлаб кўрсангиз, денгиз ҳақидаги мавзуга Ўрта денгиз деб сарлавҳа қўйилганига гувоҳ бўласиз. Айни шу шаклда ишлатиш тўғри.
Ўртаер, Ўрта ер ёки Ўрта Ер денгизи дейиш нима учун хато? Эътибор берган бўлсангиз, бу ердаги мазмунга кўра, ер ўртада бўлиб қоляпти. Аслида ўртада ер эмас, сув ҳавзаси бор. Гап денгиз ўртасидаги ер ҳақида эмас, икки ер ёки икки қуруқлик ўртасидаги денгиз ҳақида кетяпти.
Унда нега бундай ифода пайдо бўлган ва кенг ёйилган? Менимча, русча Средиземное море атамаси янглиш таржима қилинган ва кейинчалик эътиборсизлик туфайли бу хато оммалашган.
Гарчи энциклопедиянинг денгизга аталган мақоласида Ўрта денгиз дейилган бўлса-да, китоб ичидаги баъзи мақолаларда Ўртаер денгизи, Ўрта Ер денгизи каби ифодалар қўлланган. Бунга энциклопедия мақолаларини юзлаб муаллифлар ёзгани сабаб бўлса керак. Жуда катта ҳажмли китобни таҳрирлаш, барча жилдлардаги атамалар ва топонимларни солиштириб, бирхиллаштириб чиқиш анчагина қийин иш, албатта. Кейинги нашрларда тузатиб қўйилса, нур устига нур бўларди.
Хўш, Ўрта денгиз дейиш нима учун тўғри? Денгиз ҳам икки қуруқлик ўртасида, ҳам Ер шарининг ўрта қисмида, экваториал ҳудудда жойлашганини ҳисобга олсак, Ўрта денгиз номи унга қуйиб қўйгандек мос тушади.
📌 Демак:
Ўрта денгиз ✅
Ўртаер денгизи, Ўрта Ер денгизи, Ўрта ер денгизи ❌
👉 Тўлиқ ўқиш
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1651