tgoop.com/oriftolib/1604
Last Update:
Бошлаб: вергул керакми ёки йўқ?
-б, -иб билан тугаган феъллардан сўнг кўпинча вергул қўйилади, лекин ҳар доим ҳам эмас. Чалкаштирадиган ҳолатлардан бири бошлаб сўзи билан боғлиқ.
Бошлаб сўзидан кейин фақат бир ўринда вергул қўйилади. Агар икки ва ундан ортиқ, кетма-кет ҳаракат ҳақида гап кетса:
У ишни бошлаб, охирига етказмади.
👉 Яъни у ишни бошлади, лекин охирига етказмади. Жумлада иккита ҳаракат ифодаланяпти.
У гап бошлаб, бирданига тўхтади.
👉 Бу ерда ҳам иккита, кетма-кет ҳаракат бор.
Қолган ҳолатларда вергул қўйилмайди:
Бир лаҳзадан кейин Муяссарни бошлаб орқага қайтишди.
👉 Бир пайтдаги ҳаракат. Улар Муяссар билан бирга қайтишди.
Буни бошлаб Отабек, ундан кейин Ўзбек ойим сезди.
👉 Бу ерда бошлаб сўзи равишга айланган ва энг олдин, ҳаммадан олдин, дастлаб сўзиларига синоним бўлиб келяпти. Равиш одатда вергул талаб қилмайди. Демак, бу ўринда вергул ишлатиш ортиқча.
Бугундан бошлаб шу тартибга амал қиламан.
👉 Бошлаб сўзи кўмакчи вазифасида келганда бери, буён, эътиборан сўзларига маънодош бўлади. Ундан олдинги сўз эса чиқиш келишиги қўшимчасини олади. Бу ҳолатда ҳам вергул керак эмас.
Демак, вергул қўлланадиган биттагина ҳолатни фарқлаб олсак бўлди. Қолган пайтларда сўзни вергулсиз ишлатаверамиз.
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1604