tgoop.com/oriftolib/1584
Last Update:
Қараб: вергул керакми ёки йўқ?
-б, -иб қўшимчали ҳар қандай феълдан кейин вергул қўйилавермаслиги ҳақида олдин ёзган эдим. Шундай қўшимчали қараб сўзи билан вергул ишлатишда ҳам хатоликлар, чалкашликлар тез-тез кўзга ташланиб туради. Вергул қўйиш-қўймасликни бизга мазмун аниқлаб беради.
Вергул керак эмас:
1️⃣ Қараб сўзи ўзидан кейин келаётган феълни мазмунан тўлдириб, изоҳлаб келса, иш-ҳаракат бир пайтда содир бўлса:
У менга қараб гапирар эди. ➡️ У менга қараган ҳолатда гапирар эди.
Ўзбек ойим эрига анқайганча қараб турар эди. ➡️ Қараб ва туриб битта мазмунни ифодалаяпти. Иш-ҳаракат бир пайтда содир бўляпти.
2️⃣ Қараб сўзи кўмакчи вазифасини бажарса. Бунда у нисбат, қиёс, макон, йўналиш каби муносабатларни билдиради. Нисбат ва қиёс маъносида келганда кўра, асосан сўзларига, йўналиш маъносини билдирганда томон, томонга, сари сўзиларига маънодош бўлади:
Шароитга қараб иш тут. Даромадни қилинган меҳнатга қараб тақсимла. ➡️ Шароитга кўра иш тут. Даромадни қилинган меҳнатга асосан тақсимла.
Қишлоққа қараб кетди. Тўғрига қараб улоқтирди. ➡️ Қишлоқ томонга кетди. Тўғрига улоқтирди.
3️⃣ Иборалар таркибида келганда:
Оғзингга қараб гапир.
Бу худди биринчи қоидага ўхшайди. Бу ерда ҳам битта иш-ҳаракат ҳақида сўз боряпти.
Вергул керак:
Агар бирдан ортиқ, кетма-кет, алоҳида иш-ҳаракат назарда тутилса:
У олдин ойнага қараб, сўнг деразага кўз ташлади.
Лекин бундай жумлалар кам учрайди. Қараб сўзи деярли вергулсиз ишлатилади.
📌 Демак:
Уйга қараб кетди, дўстига қараб гапирди, умри йўл қараб ўтди, олдин китобга қараб, кейин жавоб берди ✅
Уйга қараб, кетди, дўстига қараб, гапирди, умри йўл қараб, ўтди, олдин китобга қараб кейин жавоб берди ❌
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1584