tgoop.com/islomnuricom/4114
Last Update:
#СаволЖавоб
Бемор розилигисиз жарроҳлик амалиёти ўтказиш ҳукми
Савол:
Онам қандли диабет билан оғрийди. Унинг оёғи яллиғланиб қолди ва шифокор бармоқларини кесишга қарор қилди. Аммо биз онамга ҳақиқатни айтмадик, балки бу оддий амалиёт, дедик. Чунки айтсак онам рози бўлмас эди. Аллоҳга қасамки, биз фақат унинг манфаати учун шундай қилдик, чунки яллиғланиш юқорига тарқалса янада каттароқ қисмни кесишга тўғри келар эди. Ҳақиқатни айтмаганимиз учун гуноҳкор бўламизми ва бунинг каффорати борми?
Жавоб:
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.
Агар бемор ўз қарорини чиқаришга лаёқатли бўлса ва унинг соғлиғидан келиб чиқиб розилигини сўраш мумкин бўлса, ундан розилик олмасдан жарроҳлик амалиётини ўтказиш жоиз эмас.
Ислом Фиқҳи Академиясининг тиббий даволашга оид қарорларида шундай дейилган: «Агар бемор тўлиқ лаёқатли бўлса, уни даволаш учун розилиги шартдир».
Жарроҳлик амалиётига оид қарорларида ҳам амалиёт беморнинг розилиги билан бўлиши шартлиги айтилади.
Доктор Муҳаммад Али ал-Бор ўзининг «Беморнинг розилиги ва умидсиз ҳолатларни даволаш» номли илмий тадқиқотида бундай дейди: «Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дорини мажбуран ичирдик. У зот ишора билан бунга қарши бўлдилар. Биз эса буни бемор дори ичишни ёқтирмаслигига йўйдик. У зот ҳушларига келганларида: “Сизларга менга мажбуран дори ичирманглар, демадимми?” дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳадис доридан фойдаланишда ақли расо ва балоғат ёшига етган беморнинг розилиги шарт эканига далил бўлади. Агар бемор бирор турдаги даволанишга қарши эканини очиқ айтса ёки ишора қилса, уни мажбуран даволаш мумкин эмас. Шунингдек, беморнинг розилигисиз амалга оширилган ҳар қандай жарроҳлик, тиббий текширув ёки дори ичириш беморга нисбатан тажовуз ҳисобланади, гарчи ният яхши бўлса ҳам. Қарор чиқариш қобилиятига эга бўлган беморнинг хоҳишига қарши иш тутиш жоиз эмас».
Шайх доктор Муҳаммад Мухтор Шинқитий ўзининг «Тиббий жарроҳлик ҳукмлари ва унинг оқибатлари» номли илмий рисоласида бундай дейди: «Тиббий жарроҳликни жоиз қиладиган шартлардан бири беморнинг розилигидир. Имом Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ бемор ёки унинг васийси розилигини эътиборга олган ва бундай деган: “Агар бирор киши болани валийининг розилигисиз хатна қилаётган ёки танасидаги бир қисмни кесаётган бўлса, у тажовуз қилган ҳисобланади ва жавобгар бўлади. Лекин агар болага ҳақли киши, масалан ҳоким ёки васий бу ишни қилган бўлса, жавобгар бўлмайди”. Демак, беморнинг розилиги зарур».
Фуқаҳолар айтишича, шифокор беморнинг оғриётган тишини суғуриш учун чақирилган бўлса-ю, кейин бемор розилигидан қайтса, шифокор мажбуран унинг тишини суғура олмайди. Бу эса бемор розилигисиз шифокор жарроҳлик амалиётини ўтказиш ҳуқуқига эга эмаслигига очиқ далил бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, сизлар онангизга жарроҳлик амалиёти ҳақида ёлғон гапирмаслигингиз ва амалиётни ўтказиш учун унинг розилигини олишингиз керак эди. Бу ишингиз учун Аллоҳга истиғфор айтинглар ва онангиздан кечирим сўранглар.
Валлоҳу аълам.
Islamweb.net саҳифасидан бироз қисқартириб олинди
https://www.tgoop.com/islomnuricom
BY Islom Nuri
Share with your friend now:
tgoop.com/islomnuricom/4114