tgoop.com/blogger_Abdullayev/5625
Create:
Last Update:
Last Update:
🌙 Ойижонга хат…
Ойижон…©Blogger Abdullayev
Билмадим, бу сатрлар сизга етадими-йўқми, аммо ҳар кеча осмонга қараганимда сиз билан гаплашгим келади. Чунки болалигимда сиздан эшитолмаган, айтолмаган гапларим жуда кўп.
Менинг ёшим олтида эдингиз, сиз кетганингизда. Мен ҳали дунёни англаб улгурмаган, гўдак қалбим билан сизни излардим. Сизнинг қўлларингиздаги илиқликни, юзингиздаги табассумни, менга айтган эркалатган сўзларингизни ҳали ҳам эслайман.
Сиз кетганингиздан кейин ҳаёт бошқача бўлди, ойижон. Одамлар ичида бўлсам ҳам, кўпинча ёлғизлигимни ҳис қилдим. Ҳеч ким сизнинг меҳрингизнинг ўрнини боса олмади. Ҳеч ким сиздек самимий, сиздек тоза кўз билан қарамади.
Мен ўсдим. Ҳаётни кўрдим. Ёлғонни ҳам, хиёнатни ҳам, фақат ўзини ўйлайдиган одамларни ҳам учратдим. Одамларга яхшилик қилдим, ёрдам бердим — аммо кўпинча эвазига ёмонлик олдим. Ҳатто баъзилар мени “ёмон инсон” дейишди.
Билмайман, ойижон, агар сиз бўлганингизда мени қандай тушунган бўлар эдингиз? Балки оғриқларимни кўриб юрагингиз безовта бўларди, балки “болам, синовлар шундай бўлади” дер эдингиз.
Мен кўп нарсани сиздан ўрганмоқчи эдим, лекин насиб қилмади. Менинг 6 ёшли қалбим сизнинг насиҳатларингиздан маҳрум қолди.
Аммо шундай бўлса ҳам, сиздан қолган меҳр ҳаётим бўйлаб мени етаклаб келди.
Мен сиз каби меҳрибон бўлишга ҳаракат қилдим, ойижон. Сиз каби одамларга меҳр билан қарашга, уларнинг оғриғини ҳис қилишга, уларни тушунишга уриндим. Аммо ҳаёт… ҳаёт бешавқат бўлди.
Кўп бор синдим, кўп бор курашдим. Ва шунда англадим — бу дунёда меҳрибон юраклар тез чарчар экан.
Ойижон… мен ҳали ҳам сизни соғинаман. Ҳар сафар ёмғир ёғса, гўё сиз мен билан гаплашгандек бўласиз. Ҳар бир шамолда сизнинг овозингизни эшитгандек бўламан.
Ойижон, сизнинг меҳрингиз мени ёдимда қолган.
Сиз каби доим ёмонликка яхшилик билан жавоб беришни истадим.
Аммо на илож… ҳаёт бешавқат бўлишимга мажбурлади.
Кечиринг, ойижон… 💔
Obuna bo'ling
https://www.tgoop.com/+P8S52SBhMmQwMTBi
BY Blogger Abdullayev

Share with your friend now:
tgoop.com/blogger_Abdullayev/5625