tgoop.com/xadichauz/20348
Create:
Last Update:
Last Update:
#эслатма #ғафлатда_қолманг!
🗓 Ҳижрий 1447 йил Робиъул аввал ойининг 1-куни 2025 йил 24-август якшанба кунига тўғри келмоқда.
📿 Робиъул аввал ойи қандай ой?
Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг (Муҳаррам ва сафар ойларидан кейинги) учинчи ойи. Бу ой Ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади. Чунки бу ойда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой "Мавлид ойи" деб ҳам номланади.
🌙 Мавлид нима дегани?
Мавлид луғатда "туғилиш" деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой Робиъул аввал ойи муносабати ўтказиладиган маросим ва тадбирлар "Мавлиди Набий" дейилади.
Мавлид ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.
Бу ойни Пайғамбар алайҳиссаломни янада кучлироқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказиш лозим.
"Салавот" сўзи араб тилидаги "салот" сўзининг жами бўлиб, “дуо” деган маънони англатади.
❔ Салавот қандай айтилади? Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?" деб сўраганларида У зот алайҳиссалом: "Аллоҳумма солли аъла Муҳаммадин ва аъла аали Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла аали Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд", деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Салавот айтиш бахилликдан узоқ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир", дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади", дедилар.
🌙 Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил этади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан", дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
🤲 Аллоҳ таоло салавот айтувчиларнинг гуноҳини мағфират этади, даражасини кўтаради.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади", дедилар (Имом Насоий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман", дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
💬 Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад.
✍️
Даврон НУРМУҲАММАД
Матбуот хизмати