tgoop.com/oriftolib/948
Last Update:
Авлодми, аждодми?
Баъзан газета-журналларда, сайтларда, нутқларда авлод-аждод, авлоду аждодлар сўзлари хато ишлатилади. Янглиш қўлламаслик учун уларнинг маъносини билиб олиш керак.
Авлод ота-бободан қолган насл, болалар, фарзандлар демакдир:
У яхши одамлар авлодидан.
Темурийлар – Темур авлоди, бобурийлар – Бобур авлоди.
(Гап Темур ва Бобурдан кейингилар ҳақида кетяпти.)
Аждод эса илгари ўтган насл-насаб, ота-боболардир:
Имом Бухорий, Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимизнинг таваллуд саналари нишонланди.
Аждодлар ибрати авлодлар учун намунадир.
❗️ Энди хато қўлланадиган ҳолатларга эътибор қаратамиз:
Ўзбекистонда давлат мустақиллиги қўлга киритилгач, шу заминда асрлар оша истиқомат қилиб келган авлоду аждодларимиз орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. ❌
Ўзбекистонда давлат мустақиллиги қўлга киритилгач, шу заминда асрлар оша истиқомат қилиб келган аждодларимиз орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. ✅
Бу заминда авлоду аждодларимиз асрлар оша яшаб келмаган. Фақат аждодларимиз яшаб келган. Авлодлар фарзандлар, келажак насллардир. Улар ўтмишда эмас, ҳозир ёки келажакда ҳаёт кечиради.
Олимнинг эзгу ишлари авлод-аждодлари қалбида барҳаёт. ❌
Олимнинг эзгу ишлари авлодлари қалбида барҳаёт. ✅
Олимнинг амаллари ҳақидаги хотиралар ўтиб кетган аждодлари эмас, кейинги насллар – авлодлар қалбида яшайди.
📌 Демак, эслаб қолинг: олдинги насллар ҳақида гап кетганда аждод, кейинги насллар тўғрисида гапирилганда эса авлод сўзидан фойдаланинг. Маъносини фарқлаб олсангиз, хато қўллаш эҳтимоли деярли йўққа чиқади.
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/948