tgoop.com/oriftolib/915
Last Update:
Мутасаддими ёки масъул?
Бугун ҳуқуқий ҳужжатлар тилида мутасадди идора, мутасадди ташкилот, мутасадди идора ва ташкилотлар, мутасадди вазирликлар каби сўзлар кўп ишлатилади. Бу иборалар қонунларга тез-тез мурожаат қиладиган соҳалар, жумладан, оммавий ахборот воситалари тилига ҳам кўчиб ўтган. Мутасадди бундай ўринларда масъул, жавобгарлиги зиммасида бўлган, жавобгар каби маъноларни ташийди.
Аслида, мутасадди сўзи шахсга нисбатан ишлатилади. Изоҳли луғатга кўра, қадимда мутасадди кичик амалдор маъносини билдирган. Эски тилимизда бирор ишни ўз устига олган киши маъносида қўлланган. Сўзнинг асли арабча, аслиятда бошқарувчи; бирор ишни бошловчи, ташаббускор тушунчаларини ифода этади.
❗️ Ҳозирги ўзбек тилида эса бирор ишни бошқариш учун тайинланган киши; ишбоши, бошлиқни англатади:
Вақтида кўрак етказиб берилмаса, машина, одамлар ишсиз қолгудек бўлса, мутасаддиларнинг жиғига тегарди.
Н. Сафаров, Узоқни кўзлаган қиз.
Спорт қўмитасининг мутасадди кишилари мусобақаларни ўтказиш, ҳакамлик қилиш ишларига бевосита жамоатчи судьяларни... жалб этишмоқда.
Газетадан.
🔍 Бутун бошли изоҳли луғатнинг бирор-бир шарҳи ёки мисолида мутасадди сўзи ташкилот ва идораларга нисбатан ишлатилмаган, барчасида шахсни билдиради.
Тил мунтазам ўзгаришда, ривожланишда. Балки бу сўзнинг тузилмаларга нисбатан ишлатилиши ҳам вақт ўтиши билан луғатларга киритилар. Ҳозирча эса бу шаклда қўллаш хато дейишга асос бор. Ташкилотларга нисбатан мутасадди ўрнига масъул сўзидан фойдаланган маъқул. Яна бир томони, сўзнинг бу тарзда қўлланишига кўз ҳам, қулоқ ҳам ўрганиб улгурди, унинг янглиш эканини қабул қилиш осон бўлмайди.
Айтганча, луғатга кирмаган дегани ҳар доим етарли асос эмас. Ўзи тилда ишлатиладиган, лекин луғатларда учрамайдиган сўзлар ҳам бор. Юқорида фақат шахсга нисбатан ишлатиладиган сўзнинг идоралар учун қўлланаётгани ҳақида гап кетди.
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/915