tgoop.com/oriftolib/889
Last Update:
“Кабоб”нинг ўзбекчаси
Кабоб ўзи ўзбекча-ку, демоқчимисиз? Ҳа, кабоб ўзимизники бўлиб кетган. У оиланинг ҳақиқий аъзосига айланган, бошқаларнинг қизи экани билинмайдиган яхши келинга ўхшайди.
Кабоб – гўштни сихга тортиб, сўнг кўрага териб, чўғ дамида пишириладиган таом. У Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёда жуда машҳур. Менимча, тандирда ёки қозонда тайёрланадиган турлари кейинроқ пайдо бўлган.
Ўзбекчага форсчадан кириб келган кабоб сўзининг илдизлари аккадча куйдирмоқ, ёқмоқ маъносидаги kabābu сўзига бориб тақалади. У нафақат туркий тиллар, ҳатто араб, инглиз ва рус тилларига ҳам ўтган. Албатта, талаффуз ўзгаришлари билан.
Хўш, унинг ўзбекчаси нима? Ҳозир сўзлашув тилида биз асосан ана шу ўзбекча муқобилни ишлатамиз: шашлик. Ҳайрон бўлманг, айнан шашлик. У русча ёки форсча эмас, туркийча сўз.
Шашмақом ва шашликдаги шаш умуман бошқа-бошқадир. Шашмақомдаги шаш форсчада олти сонини билдирса, шашликдаги шаш сиш сўзининг ўзгарган шакли. “Девону луғатит турк”да сиш, шиш шаклида келган бу сўзни бугун сих шаклида ишлатамиз. Сишлиқ – сихга териб пиширилган таом демакдир. Суқмоқ, суқилмоқ феъллари ана шу сиш – сих ўзагидан ясалган.
Рус тилининг этимологик луғатларида ҳам шашликнинг асли туркийча шишлик экани таъкидланади.
Шашлик худди юриб-юриб, дунё кезиб, яна қайтиб келган танишимизга ўхшайди. Асли ўзимизники бўлса-да, бегонасираброқ қараймиз. Унга адабий тилимиздан эмас, сўзлашув тилидангина жой берганмиз, холос. Бунга ўхшаш жаҳонгашта сўзлар яна бор. Ўрни келса, улар ҳақида ҳам тўхталамиз.
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/889