tgoop.com/oriftolib/668
Last Update:
Луғат бойлигини қандай ошириш мумкин?
Ўзини маданиятли санайдиган ҳар бир одам она тилини пухта билиши керак. Ўз тилингда айтилган нарсани тушунмай туриш жуда уятли ҳолат. Хўш, тилни яхши билиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун биринчи навбатда луғат бойлигимиз кўп бўлиши керак. Луғат бойлиги биз биладиган сўзлар жамланмасидир. Демак, кўп сўз билишимиз зарур.
Луғат бойлигимиздаги сўзлар икки хил бўлади: фаол ва кам қўлланадиган. Фаол сўзлар биз оғзаки ва ёзма нутқда ишлатадиган сўзлардир. Кам қўлланадиган луғат эса биз у ёки бу даражада тушунадиган, маъносини тўлиқ билмайдиган, нутқда қўлламайдиган сўзлардир.
Луғат бойлиги кўп бўлган одам тил товланишларини, унинг ўзига хослигини, оҳангини, маъно нозикликларини ҳам яхши билса, юракдан ҳис қила олса, чинакам тил билимдонига айланади. Бу йўлда биринчи қадамни ташлаш – луғат бойлигини ошириш учун нималар қилиш керак? Қуйида шу ҳақда сўз боради.
Китоблар, мақолалар ва бадиий адабиётларни кўп ўқинг. Энг муҳими, уларнинг маъно-мазмунига жиддий назар ташланг. Ўқиганларингизни касбдошларингиз ёки қизиққанларга айтиб беринг.
Матнда тушунарсиз сўзга дуч келсангиз, гапнинг умумий мазмунидан маъносини чақиб оламан деманг. Изоҳли луғатни очиб, сўзнинг асл маъносини ўрганинг. Хаёлингизда шу сўз қатнашган гаплар тузинг.
Ўзингизни қизиқтирган соҳага оид сўзларни луғатдан кўчириб, қайд қоғозларга ёзиб чиқинг. Қайдварақчани ҳамиша ўзингиз билан олиб юринг. Чунки бўш вақтларда унга қараб, сўзларни эсга олиш, ёдлаш мумкин.
Янги ўрганилган сўзларни қофияга солиб кўринг, улар иштирокида гаплар тузинг. У англатадиган маънони тасаввурингизда шакллантиришга ҳаракат қилинг.
Бирор-бир сўзни ўзлаштиргандан кейин қайдқоғозни янгисига алмаштиринг. Янги сўзни ўрганишга киришинг.
Ишингиз самарали бўлишини истасангиз, бирданига кўп сўзни ёдлашга киришманг. Бошида кунига 7-8 та сўз кифоя. Кейинроқ қанча сўзни ўзлаштиришга қурбингиз етиши ўз-ўзидан ойдинлашади.
Ўрганилган сўзларни амалда қўллаб кўринг. Шунда улар хотирада мустаҳкам ўрнашиб қолади.
Ориф Толиб
2014
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/668