tgoop.com/oriftolib/2080
Last Update:
Read between the lines
Таржимада энг қийини – ибораларни ўгириш. Чунки бирор ҳаракат ва ҳолатни ифодаловчи ибора бошқа бир тилда умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Инглизчадан таржима қилинган бир матн таҳририда шундай ҳолатга учрадим. Инглизча read between the lines иборасини таржимон қаторлар орасидан ўқинг деб таржима қилибди. Сўзма-сўз шундай, лекин ўзбекчада бу сўзлар кўзланган маънони мутлақо ифодаламайди.
Кембриж луғатига кўра, бу ибора бирор кишининг айтган гапи ёки ёзганларидан унинг ҳақиқий ҳис ва ниятларини англаб олишни билдиради. Бошқа таърифга асосан, бевосита акс этмаган, лекин сўзлар орасига жо бўлган маънони тушуниб олишни ифодалайди.
Рус тилида бу иборага шаклан мос читать между строк деган ибора бор. Маъноси инглизча идиома билан бир хил. Назаримда бу ибора рус тилига анча олдин кирган, чунки Пушкин ҳам уни ишлатган экан.
Хўш, уни ўзбекчага қандай таржима қилиш керак? Ўзбекчада айнан шу маънони ифодаловчи ибора йўқ, лекин мазмунни бемалол акс эттириш мумкин. Ўрнига қараб бу иборани мағзини чақмоқ, пайқамоқ, уқмоқ, фаҳмламоқ, асли маънони ўқимоқ каби сўзлар билан ўгириш мумкин.
Мен таҳрир қилган матнда бу ибора ички сарлавҳа бўлиб келган. “Қаторлар орасидан ўқинг” деб таржима қилинган жумлани “Моҳиятни ҳис қилинг” деб таҳрирладим. Чунки бу ерда бола берган саволлар аслида нимани англатиши ва шунга кўра иш тутиш ҳақида сўз боради.
👉 Бу иборани яна қандай ўгириш мумкин деб ўйлайсиз? Таржима жараёнида шундай ҳолатларга дуч келганмисиз? Изоҳларда қолдиринг.
P. S. Имкони бўлса, иборани ибора, мақолни мақол билан ўгириш керак. Имкони йўқ ҳолатларда эса мазмунни бериш зарур. Ўзбекчадаги жуда кўп ибора ва тушунчаларни ҳам бошқа тилларда ифодалаш қийин. Буни ўзбекчадан ўгирадиган таржимонлар яхши билади. Ўзбекчага таржима қиладиган одамга баъзан ўзбек тили ожиздек кўриниши мумкин. Аслида бундай эмас. Ҳар қандай тилга ўгираётган таржимон қийинчиликка учрайди ва бу табиий.
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/2080