tgoop.com/oriftolib/1895
Last Update:
Изофали бирикмалар имлоси
Изофали бирикмалар қандай ёзилиши ҳақида ўзбек тилининг асосий имло қоидаларида аниқ қоида бор. Лекин у лотин алифбосига хосланган:
👉 Изофали бирикмалар ажратиб ёзилади. Бунда изофа ундош билан тугаган сўзларга -i шаклида, унли билан тугаган сўзларга -yi шаклида қўшилади: dardi bedavo, nuqtayi nazar, tarjimayi hol каби. Лекин изофа ёзилмайдиган сўзлар, шунингдек, қисмларидан бири ёки ҳар иккиси ўзбек тилида мустақил ишлатилмайдиган сўзлар қўшиб ёзилади: gulbeor (guli beor), dardisar каби.
Унли билан тугаган сўзларга изофа қўшилиши масаласида кирил ёзуви имлосида аниқ тартиб йўқ, бирда ундай, бирда бундай: таржимаи ҳол, адойи тамом, нуқтаи назар, балойи азим, аъзойи бадан, расвойи жаҳон.
Имло луғати принципига таянадиган бўлсак, о билан тугаган сўзларга изофа кирил имлосида ҳам -йи шаклида қўшилади. Бироқ изоҳли луғат ва миллий энциклопедияда бу принципга бўйсунмаган. Саҳрои Кабир, дуои жон, расвои жаҳон тарзида берилган ўринлар бор. Лекин ҳамма ерда ҳам эмас. Бу сўзлар бошқа жойларда -йи билан ёзилган. Менимча, бу ҳолатда -йи шаклида қўллаган тўғри: Саҳройи Кабир, дуойи жон, расвойи жаҳон.
Изофа ёзилмайдиган сўзлар, шунингдек, қисмларидан бири ёки ҳар иккиси ўзбек тилида мустақил ишлатилмайдиган сўзлар кирил имлосида ҳам қўшиб ёзилади: гулбеор (гули беор), дардисар каби.
📖 Алифбо тезроқ ислоҳ қилиниб, имло қоидалари мукаммалроқ кўринишга келса, бу каби муаммолар ҳам йўқоларди.
📌 Демак:
Таржимаи ҳол, адойи тамом, нуқтаи назар, расвойи жаҳон, дуойи бад ✅
Tarjimayi hol, adoyi tamom, nuqtayi nazar, rasvoyi jahon, duoyi bad ✅
Таржимайи ҳол, адои тамом, нуқтайи назар, расвои жаҳон, дуои бад ❌
Tarjimai hol, adoi tamom, nuqtai nazar, rasvoi jahon, duoi bad ❌
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1895