tgoop.com/oriftolib/1887
Last Update:
Ҳаққи ва ҳақи
Ҳақ сўзи ҳам изоҳли луғатда ҳақ(қ) шаклида берилган. Сўзга қўшимчалар қўшилгандагина бир -қ орттирилади, қўшимчаларсиз, алоҳида шаклда ҳаққ тарзида ишлатилмайди. Луғатда айтилишича, учинчи шахс эгалик шаклида ҳаққи кўринишида ҳам қўлланади. Аммо ундай эмас. Бошқа шахсларда ҳам ҳаққи варианти келиши мумкин:
Саккиз соат прогул қилган одамга ҳеч нарса демасликка менинг ҳаққим йўқ. (I шахс)
С. Зуннунова, Кўк чироқлар.
Мен сизга ўғилман, фарзандингизман. Уришишга, сўкишга, тергашга ҳаққингиз бор. (II шахс)
С. Аҳмад, Қадрдон далалар.
Етимнинг ҳаққини ейиш – оғир гуноҳ. (III шахс)
👉 Юқоридаги каби ўринларда муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар баъзан битта ундошни қисқартиради. Имло қоидаларига мослашади. Чунки бу ўзакдан кейин товуш орттириш қоидада йўқ. Бироқ бир нарсани ёдда тутиш керак: ҳар қандай грамматика ёки имло қоидалари энг биринчи галда мазмунни ифодалашга хизмат қилиши зарур.
Ҳақим, ҳақимиз, ҳақинг, ҳақингиз, ҳақи деб ишлатиш хато эмас. Аммо бунда сўздаги ҳақ-ҳуқуқ, ҳақдорлик маъно нозикликлари акс этмай қолади.
Пешона терим билан ишлаб топган ҳақимни сўраяпман!
Бу гапда иш ҳақи маъноси бор, холос.
Пешона терим билан ишлаб топган ҳаққимни сўраяпман!
Бунда иш ҳақидан ташқари, улуш, ҳақдорлик, муносиблик, эгалик каби маъно қирралари ҳам ифодаланган.
Айрим ҳолатларда -у боғловчиси қўшилганда ҳам товуш орттириши мумкин:
Бошимга Ҳазрати Алининг муборак зулфиқорлари келганда ҳам, ҳаққу ҳақиқатдан юз ўгирмоқ одатим йўқ.
А. Қаҳҳор, Тобутдан товуш.
👉 Ҳадди ва ҳади
👉 Ҳисси ва ҳиси
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1887