tgoop.com/oriftolib/1844
Last Update:
Ибрат оламизми ё ўрнак?
#Бисотдан
Кўпинча ибрат ва ўрнак сўзларини бир-бирининг ўрнида бемалол қўллаб кетаверамиз. Аслида, уларнинг нозик маъно фарқлари бор. Маълумот излаб “Изоҳли луғат”га қарадим. Лекин унда ҳам маъно фарқланмаган. “Ибрат” сўзи араб тилидан олингани, аслиятда ўгит, панд-насиҳат; намуна, ўрнак маъноларига эгалиги таъкидланган.
Ўзбек тилида ҳам ибрат олиш асосан хулоса ясаш, фикр қилиб, тўғри тўхтамга келиш маъносида қўлланади. Ўрнак эса тўласича эргашиш керак бўлган, намунали кишилар, ҳолатларга нисбатан ишлатилади. “Изоҳли луғат”да унга “Бошқалар эргашса, тақлид қилса арзийдиган иш ёки ҳаракат намунаси” дея таъриф берилган. Лекин ибратли кишилар ёки ишларга эргашиш, тақлид қилиш кўп ҳолларда хато.
“Қутлуғ қон”дан парча:
– Мен кўрдим театрни, – ҳовлиқиб, пихиллаб сўзга киришди пахтачи Жамолбой, – Абдишукур қизиқтирган эди, борсам борай, дедим... Сиз уни мактаб дейсиз, Абдишукур, қандай қилиб мактаб бўлади у? Домла қани, шогирд қани? Мен борганимда бир илмсиз боланинг безори бўлиб кетганини кўрсатишди, холос.
– Мактаб эмас, ибрат денг, – кимдир изоҳ берди.
Ойбек домла сўзни жуда ўрнида қўллаганини шу мисол кўрсатиб турибди. “Бир илмсиз боланинг безори бўлиб кетгани” ўрнак эмас, ибратдир. Чунки бировнинг хатоси ёки айбидан намуна олинмайди, кўриб, эшитиб, хулоса қилинади, бир тўхтам ёки қарорга келинади.
Яхши ишлардан ҳам ибрат олиниши мумкин. Шу ишни қилиш ёки унинг зиддини қилмаслик ибратдир. Лекин намуна бўладиган ҳолатларда ё тўла ижобий маъно кўзланганда ибрат сўзини эмас, ўрнак сўзини ишлатган афзал.
👉 Тўлиқ ўқиш
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1844