tgoop.com/oriftolib/1780
Last Update:
Камёб сўз – “тақим”
Ўн йилларча олдин турли сайтларда ва босма нашрларда қизиқарли фактларни бериш урф бўлган эди. Тил ва сўзларга оид шундай маълумотлар ичида бир жумла эътиборимни тортганди: “Дунёнинг ҳеч бир тилида тиззанинг орқа томонини ифодаловчи сўз йўқ”. Лекин бу ҳақиқатга зид. Чунки бундай маълумотларни тўплаган одам дунёнинг барча тилларини билмаслиги аниқ. Энг камида ўзбекчада бор сўз.
Тақим оёқнинг тизза ости букиладиган жойини англатади:
Унинг ўзи ҳам сочини иккита қилиб ўриб, тақимига тушириб юришни яхши кўрарди.
П. Қодиров, Эрк.
Тақимга босмоқ ибораси от-улов билан боғлиқ ўринларда ишлатилади. Чавандоз бирор буюмни тақими остига қўйиб ҳаракатланишини билдиради:
– Ия, Обиджон, – тиржайиб гапирди Қамбар, – мен ўйловдимки, улоқни тақимга босиб келасиз, бу ерда қозон осамиз деб, қуруқ томоша денг.
Ойбек, Танланган асарлар.
Тақимламоқ сўзи ҳам юқоридаги иборага маънодош. У от устида ўтирган ҳолда бирор нарсани, масалан, улоқни тақим остига босиб олишни ифодалайди:
Орият зўр нарса. Сен ҳам майдондасан. Улоқ отингнинг елкасида турибди, тақимла.
И. Раҳим, Ихлос.
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1780