tgoop.com/oriftolib/1767
Last Update:
Ф. И. О. ми ёки ФИО?
#Сўраган_эдингиз
Кўпинча турли маълумотнома ва жадвалларда фамилияси, исми, отаисми сўзлари қисқартириб берилади. Уни қай шаклда ёзиш тўғри?
Бу борада аниқ қоида йўқ. Лекин мантиқий жавоб топиш мумкин.
Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларида кўрсатилишича, А. Ж. Жабборов, А. Д. Абдувалиев кабиларда исмнинг ва отаисмнинг биринчи ҳарфига тенг қисқартмалар фамилиядан ажратиб кўчирилмайди. Шунингдек, в. б. (ва бошқалар), ш. к. (шу кабилар) сингари ҳарфий қисқартмалар ҳам олдинги сўздан ажратиб кўчирилмайди.
Ф. И. О. қисқартмаси ТТА, АЭС, ХДП, АҚШ, БМТ каби сўзларга ўхшаш қисқартма сўз эмас, ҳарфий қисқартма. Чунки у алоҳида сўз саналмайди. Қисқартма сўзлар эса янги сўз саналади ва матнда мустақил қўллана олади. Ф. И. О. моҳиятан в. б., ш. к. қисқартмалари билан бир хил. Демак, уни ҳам нуқта билан ёзиш тўғри бўлади.
Имло қоидаларида берилган мисолда в. б. ва ш. к. қисқартиришларида нуқтадан кейин бўш жой ташланмабди. Аслида бўш жой бўлиши керак. Чунки матн ичида қўлланган тиниш белгилари одатда ўзидан кейин битта бўш жой талаб қилади.
Ф. И. О. ҳарфий қисқартмасини в. б. ва ш. к. сингари кичик ҳарфларда ҳам ёзиш мумкин: ф. и. о. Аммо бош ҳарф билан ёзган афзал. Чунки бу қисқартмалар бош ҳарф билан ёзилувчи сўзларга ишора қилади, исм, фамилия ва отаисми ҳар доим бош ҳарф билан ёзилади.
Қисқартиришни нуқтасиз ФИО шаклида ёзиш ҳам мумкин. Лекин Ф. И. О. қоидага мосроқ.
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1767