tgoop.com/oriftolib/1750
Last Update:
“Учрашув ўтказди” ва “учрашди”: фарқи нимада?
Бугун ОАВ учрашув ўтказди деган жумлани жуда кўп ишлатяпти. Шуни қисқа қилиб учрашди деса бўлмайдими? Бўлади. Лекин бунда ташкиллаганлик, ташаббусга эгалик маъноси бўртиб акс этмайди. Баъзан учрашув ўтказди унча мос келмаслиги мумкин. Умумий мазмунга қараш керак.
Масалан:
Тошкентда Марказий Осиё давлатлари бош вазирлари учрашди. ✅
Тошкентда Марказий Осиё давлатлари бош вазирлари учрашув ўтказди. 🤔
Иккинчи жумла таҳрир нуқтаи назаридан у қадар тўғри эмас. Чунки учрашувни бош вазирлар ташкиллаштирмаган. Уни Ўзбекистон ҳукумати ташкиллаштирган. Бош вазирлар эса тайёр ташкиллаштирилган маросимда қатнашган. Лекин бу учрашув барча бош вазирларнинг умумий ташаббуси билан ўтказилган бўлса, айнан учрашув ўтказди иборасидан фойдаланган яхши.
Президент матбуот котиби журналистлар билан учрашди. ✅
Учрашувни матбуот котиби ташкиллагани маъноси бўртиб акс этмаяпти.
Президент матбуот котиби журналистлар билан учрашув ўтказди. ✅
Учрашувни матбуот котиби ташкиллагани, у ташаббускор бўлгани яққолроқ ифодаланяпти.
Гап мажҳул нисбатда бўлса-чи? Мажҳул нисбат ўз номига хос, у мазмунни ҳам мажҳуллаштиради. Бунда ташкиллаштириш маъноси йўқолади:
Тошкентда Марказий Осиё давлатлари бош вазирлари учрашуви ўтказилди. ✅
Президент матбуот котиби ва журналистлар учрашуви ўтказилди. ✅
Юқоридаги ҳар икки жумла хато эмас. Лекин мен феълни иложи борича аниқ нисбатда қўллаш тарафдориман. Аниқликка нима етсин!
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1750