tgoop.com/oriftolib/1581
Last Update:
“Маҳсулот”нинг ўзбекчаси – товар
Тилимизга ўрнашиб, ўзига тегишли бўлмаган ҳудудларни ҳам эгаллаб олган монополтабиат сўзлардан бири маҳсулотдир. Бу сўзни ўринли-ўринсиз қўллайверамиз. Унинг туркийча муқобили – товарга эса жуда кам мурожаат қиламиз. У гўё рус ёки бошқа Европа тилидан кириб келгандай туюлади. Аслида бундай эмас. Товар ғирт ўзбекча сўз.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарида тавар сўзига жонли, жонсиз мол, мато деб таъриф берилган:
Ўл анинг бирла тавар яришди – У шериги билан товарни тенг бўлишди.
Товар рус тилига туркий тиллардан ўтган. У болгар, словен, чех, поляк каби тилларда ҳам ишлатилади.
Дастлаб чорва моли маъносида қўлланган товар кейинчалик ҳар қандай моддий бойликни ифода эта бошлаган. Қадимда кўчманчи туркий қавмларда чорва асосий бойлик бўлган.
Халқнинг турмуш тарзи тилда акс этиши – табиий ҳол. Инглиз, рус ва бошқа тилларда маблағ, сармоя маъносида қўлланадиган капитал сўзи ҳам лотинча caput – бош, асосий сўзига бориб тақалади. Қадимда Европада ҳам бойлик чорва сони билан ўлчанган, буни аниқлаш учун чорва боши саналган, чорва бойликнинг асосий ўлчови бўлган.
Хуллас, томирида туркий тил қони оқаётган товар сўзини бемалол ишлатаверишимиз керак. У тилимизнинг минг йиллик товари.
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1581