tgoop.com/oriftolib/1569
Last Update:
Ўқиладиган саҳифа
Телеграмда муҳаррирларнинг ҳам саҳифалари кўпайиб бораётгани қувонарли ҳол. “Hilol-nashr” нашриёти бош муҳаррири Ёрқинжон Ҳайдаровнинг канали билан яқинда танишдим. Қизиқарли, эътиборга молик материаллар бериб бориляпти. Обуна бўлишни тавсия қиламан.
Қуйида Ёрқинжон аканинг саҳифасидан олинган мақола билан танишасиз:
“Қарши” сўзи тарихидан
“Бобурнома”да Бобур Мирзо қарши сўзи мўғулчадан ўзлашгани, қабристон маъносини англатишини келтиради ва шундай ёзади: “Яна Қарши вилоятидирки, Насаф ва Нахшаб ҳам дерлар. Қарши мўғулча отдир. Гўрхонани мўғул тили билан қарши дерлар. Афтидан, бу от Чингизхон истилосидан сўнг бўлгандир”.
Туркий халқлар тарихи ва тиллари билимдони ҳисобланган Бартольд қарши сўзи мўғулчада сарой маъносини англатишини айтиб, ўша давр муаллифлари асарларида ҳам бу сўз сарой, қаср маъносида ишлатилганини айтади. Бартольднинг фикрича, Кебекхон ўз ҳумкдорлик даврида (1318–1326) Нахшаб (Қаршининг эски номи) яқинида ўзига сарой қурдиради. Мўғулчада қарши сўзи билан ифодаланган бу сарой номи кейинчалик шаҳар номига айланиб кетади (Владимир Бартольд. Двенадцать лекций по истории турецких народов Средней Азии).
Тилимизда қарши сўзи қадимдан зид, рўпара, сарой, қаср сингари маъноларда ишлатиб келинган. Кўплаб туркий достонлар ва тарихий асарларда бунга мисоллар бор. Туркий тилларнинг энг қадимий луғати ҳисобланган “Девони луғатит турк”да ҳам Маҳмуд Кошғарий бу сўзнинг шоҳ қасри ва тескари, қарши маъноларини келтирган.
👉 @HYorqinjon
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1569