tgoop.com/oriftolib/1551
Last Update:
#Сўраган_эдингиз
Иморат, иншоот, бино: фарқи нимада?
Cиноним сўзлар маъно нозикликлари билан фарқланиб туриши тилда кузатиладиган ҳодиса. Араб тилидан кирган бу уч маънодош сўз ҳам мазмунан фарқларга эга.
Иморат яшаш ёки бошқа мақсад учун махсус қурилган уй, бинони англатади: иморат солмоқ, ғишт иморат, темир-бетон иморат.
Иншоот эса турли мақсадлар учун қурилган бинолар ва уларнинг ускуна-жиҳозларидир: гидротехник иншоотлар, ерости иншооти, кўп қаватли иншоотлар.
Бино кишиларнинг яшаши, ишлаши ва бошқа эҳтиёжлар учун қуриладиган иншоот, улкан уй, иморат маъносига эга: театр биноси, турар жой бинолари.
Дейлик, гап уй қуриш ҳақида кетяпти. Бундай пайтда сиз: “Бу йил янги иншоот қураман”, демайсиз. Бу ўринда ўзбекча уй ёки юқорида шарҳланган иморат сўзини ишлатган яхши. Ҳатто бино ҳам мос тушмайди.
Гидротехник иншоотлар бирикмасида иншоот ўрнига на уй, на иморат, на бино мос келади.
Театр биноси деган бирикмада ҳам бошқа синонимларни ишлатиш услубий хатоликни келтириб чиқаради. Лекин баланд бинолар бирикмасида юқорида саналган барча маънодошларни алмашлаб ишлатиш мумкин.
Таҳрир ана шу каби ҳолатларда энг муносиб сўзни қўллашни ўргатади.
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1551