tgoop.com/oriftolib/1531
Last Update:
Эгалик қўшимчаси икки бор қўшилмайди
Сўзга битта вазифадаги қўшимча икки марта қўшилмайди. Олдин мажҳул нисбат қўшимчасини бир сўзга икки марта тиркаш хато экани ҳақида ёзгандим.
Шу хилдаги янглишлик учинчи шахс эгалик қўшимчаларини қўллашда ҳам учраб туради: тили – тилиси, иложи – иложиси. Бундай ҳолатларда иккинчи эгалик қўшимчаси -си ортиқча. Бу қўшимча унли товушлар билан тугаган сўзларга қўшилади: онаси, иниси, мавзуси.
📌 Й ундоши билан тугаган ва баъзи сўзларга ҳам -си қўшилади. Буни қандай аниқлаш мумкин? Жуда оддий: й ундошидан олдин и унлиси келган бўлиши керак: водийси, ҳомийси, волийси.
-и қўшимчаси эса асосан ундош билан тугаган сўзларга, баъзан унли билан тугаган сўзларга қўшилади: тили, иложи, китоби, қарори, қишлоғи, гиёҳи, манбаи, толеи.
Тили ва иложи сўзларига -и эгалик қўшимчаси қўшилиб бўлган, унга яна -си тиркаш ортиқча ва хато.
Лекин тилда қоидага бўйсунмайдиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Эгалик қўшимчаларида ҳам шундай вазият бор. III шахс бирликда сингил сўзига ҳам -и, ҳам -си қўшилади ва бу тўғри: синглиси.
📌 Демак:
Ҳар ким ўз она тилини ўрганиши керак. ✅
Ушбу сўровни амалга оширишнинг иложи йўқ. ✅
У мактабдан синглиси билан бирга қайтди. ✅
Ҳар ким ўз она тилисини ўрганиши керак. ❌
Ушбу сўровни амалга оширишнинг иложиси йўқ. ❌
У мактабдан сингли билан бирга қайтди. ❌
Мисолларда келтирилганга ўхшаш яна қандай хатоларни биласиз? Изоҳларда ёзинг.
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1531