tgoop.com/oriftolib/1481
Last Update:
Нафар ва -та
Нафар сўзи араб тилидан кирган, аслиятда бир неча киши; бир киши маъноларини англатади.
Ўзбек тилида нумератив, яъни ҳисобни англатувчи сўз саналади ва фақат шахс-кишини билдирувчи сўзлар билан қўлланади, адад маъносини англатади:
Ёнига тўрт нафар ясовул олиб, Султонали йўлга тушди.
А. Қодирий, Меҳробдан чаён.
Нафар сўзи фақат шахсни англатувчи сўзлар билан қўлланади. Жонли ва жонсиз нарсаларни билдирувчи бошқа сўзлар билан ишлатиш хатодир:
Беш нафар китоб, тўрт нафар бузоқ, ўн нафар терак ❌
Бундай ўринларда -та қўшимчасидан фойдаланиш керак. -та қўшимчаси билан келган саноқ сонлар нарсанинг миқдорини доналаб санаш йўли билан кўрсатади:
Бешта китоб, тўртта бузоқ, ўнта терак. ✅
-та қўшимчасини шахсни билдирувчи сўзлар билан қўллаб бўлмайди деган янглиш тушунча анча кенг тарқалган. Бу – мутлақо хато. Айланиб-ўргилиб нафар сўзини ишлатавериш услубий хатолик ва ғализликларни келтириб чиқаради. Нафар сўзи ўрнида бемалол -та қўшимчасини ишлатиш мумкин:
Беш нафар ўқитувчи, олти нафар одам, ўн нафар текширувчи ✅
Бешта ўқитувчи, олтита одам, ўнта текширувчи ✅
Киши сўзи билан эса нафар сўзини ҳам, -та қўшимчасини ҳам ишлатмаган маъқул:
Ўн киши, йигирма киши, эллик киши, юз киши, минг киши ✅
-та қўшимчасини олган сонлар каби таркибида -та қўшимчаси бўлган нечта? сўроқ олмоши ҳам шахсни билдирувчи сўзлар билан қўллана олади: бир нечта одам, бир нечта спортчи.
– Наҳорги ошга нечта одам айтдинг?
– Ўттизта. Ундан ошиғига рухсат йўқ экан.
-та қўшимчасини шахсни билдирувчи сўзлар билан ишлатиш ўзбек тили табиатига хос. Унинг ўрнида ҳамиша нафар сўзини ишлатиш ёки шуни талаб қилиш тил табиатига тескари боришдир.
👉 Тўлиқ ўқиш
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1481