tgoop.com/oriftolib/1351
Last Update:
Пулли ва пуллик: қай бири тўғри?
-ли ва -лик қўшимчаларини хато қўллаш кўп учрайди. Айниқса, оғзаки нутқда -ли ўрнида -лик ишлатилишига тез-тез гувоҳ бўлиш мумкин. Бу ҳолат ёзма нутққа ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Ҳатто нуфузли нашрларда ҳам -лик қўшимчаси билан боғлиқ янглишликлар кўзга ташланади. Масалан, пулли сўзи ўрнига пуллик сўзини ишлатиш. Интернетга қидирув берсангиз, сўз тўғри ёзилган ҳолатларга ҳам, хато ёзилган ҳолатларга ҳам дуч келасиз.
Нега пуллик йўл дейиш хато?
-лик мавҳум от ясовчи қўшимчадир: болалик, келинлик, тилшунослик, темирчилик, тинчлик, ташкилотчилик, дарслик.
-ли эса сифат ясовчи қўшимчадир: болали, мевали, ақлли, сувли, унумли, билимли, етарли, тушунарли, сезиларли, ейишли.
Пулли йўл бирикмасида пулли сўзи йўлнинг қандайлигини сифатлаб келяпти. Пуллик сўзи эса от. Шу сабабли уни қўллаш хато.
Пулли сўзининг пул тўланадиган, пул эвазига олинадиган, бериладиган ёки қилинадиган деган маъноси бор: пулли концерт, пулли маъруза, пулли хизмат. Пулли йўл бирикмасида пулли сўзининг шу маъноси ифодаланган: пул тўланадиган йўл, пул эвазига юриладиган йўл.
Пуллик деган сўз ҳам борми? Бор. Лекин у изоҳли луғатга кирмабди. Имло луғатидан эса жой олган. Бу сўзнинг маъноси нима? У пул хусусияти, белгисини билдирувчи отдир. Масалан:
Ғижимлаб ташлабсан-ку, пуллиги қолмабди буни!
Қоғоз пул ғижимлаб ташланганидан пуллик хусусиятини йўқотган.
📌 Демак:
Пулли йўл, пулли хизмат ✅
Пуллик йўл, пуллик хизмат ❌
👉 Тўлиқ ўқиш
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1351