tgoop.com/oriftolib/1108
Last Update:
Алифбо ислоҳи: дам бу дамдир...
Алифбо ислоҳига нега айнан ҳозир қўл уриш керак?
1️⃣ Алифбо ўзгарса, биринчи галда дарсликлар ўзгаради. Ҳозир Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ҳаракатлари бошланган. Демак, жуда кўп дарслик ва қўлланмалар янгидан тайёрланиши ва чоп этилиши мумкин. Агар алифбо ислоҳи ҳозир ўтказилмаса, бу кейинчалик китобларни янги алифбода қайта босишга, яъни катта чиқимга сабаб бўлиши мумкин.
2️⃣ Бу йилдан ички паспортлар ўрнига ID карталар бериш бошланди. Энди яқин хорижга чиқиш учун ҳам хорижга чиқиш биометрик паспорти керак бўлади. Демак, уни олувчилар кўпаяди. Агар алифбога қачондир ўзгартириш киритилса, ҳужжатлардаги маълумотларни ҳам ўзгартириш эҳтиёжи туғилади. Бу яна чиқим ва оворагарчиликка олиб келади.
3️⃣ Қозоқ қўшниларимизнинг тажрибалари ҳам хулоса учун яхши мисол. 2017, 2018, 2019 йилги тузатишлардан сўнг, 2021 йилги янги версияда барча қўшҳарфлардан воз кечилди ва алифбо ихчам ва миллий кўринишга келди.
Агар лотин алифбоси ислоҳотини ҳозир ўтказмасак ва бу иш қозоқ алифбоси жорий этилгандан кейин амалга ошса, бошқалар наздида худди янги алифбомизни қўшниларимиздан кўчириб қўя қолгандек тасаввур уйғотишимиз ҳам мумкин.
4️⃣ Алифбо ислоҳи лотин ёзувидан оммавий фойдаланиш даражасини оширади. Бу эса лотин ёзувига тўлиқ ўтишни жадаллаштиради. Ҳозирги имлодаги қийинчиликлар, матн теришдаги муаммолар сабаб кўпчилик кирил ёзувини маъқул кўряпти. Улар орасида ҳатто саводи лотинчада чиққанлар ҳам бор.
Деҳқонлар экинни вақтида экишга ҳаракат қилади. Уруғ қадашда бир кунга кеч қолиш ҳосилнинг ўн кунлаб кечикишига олиб келади. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш ва тўла жорий этиш борасида ҳам худди шу ҳолат юз бериши мумкин. Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема, дейди эскилар. Фурсат – ғанимат.
👉 Тўлиқ ўқиш
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1108