tgoop.com/oriftolib/1085
Last Update:
Мовароуннаҳр
Мовароуннаҳр араб тилида дарёнинг нариги томони деган маънони англатади. Бу атама ўрта асрларда Ислом мамлакатларида кенг тарқалган.
Мовароуннаҳр атамаси илк бор пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақидаги ҳадисларда тилга олинган. Афтидан, бу атама араблар орасида Исломгача бўлган даврларда ҳам маълум бўлиб, милодий VI асрда Сосонийлар давлатидан шимоли-шарқда, Жайхун, яъни Амударёнинг орқасида жойлашган Турк хоқонлигига қарашли ерларни англатган. Қадимги форс манбаларидаги маълумотларга таянган араб географ олими Ёқут Ҳамавий Мовароуннаҳр атамасини Турон мамлакатининг номи деб билган.
Мовароуннаҳр атамаси ўрта аср манбаларида турлича талқин қилиниб, географик ҳудуд сифатида олдин Турон, Турк хоқонлиги ёки Туркистон мамлакати (VII асргача), кейин Хуросон (VII-X асрларда), ундан ҳам кейин Туркистон (XI асрдан бошлаб), маълум вақт эса Хоразм (XII асрнинг охири – XIII асрнинг боши) таркибига киритилган.
Мовароуннаҳр атамасининг ўрта асрларда ишлатилган энг кенг маънодаги тушунчаси таркибига шартли равишда фақат Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган ерларни киритиш мумкин.
Ҳозирги замон тарихий-географик илмий адабиётларида Мовароуннаҳр деганда асосан Ўрта Осиёнинг Туркманистондан ташқари ҳудудлари, яъни, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг жанубий қисми тушунилади.
📖 “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” асосида тайёрланди.
@oriftolib
BY Orif Tolib

Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1085