tgoop.com/oriftolib/1057
Last Update:
#Сўраган_эдингиз
Хўжа ва хожа
Бу икки сўз форсча хожа сўзидан. Аслиятда обрў-эътиборли киши; хўжайин; савдогар; мураббий каби маъноларни англатади.
Тилимизда хўжа ва хожа маънодош ҳолатда ҳам, фарқли маъноларда ҳам қўлланади.
Хожа сўзи икки хил маънода ишлатилади:
1️⃣ Китобий услубда хўжа, хўжайин маъносида қўлланган. Лекин ҳозир бу маънода ишлатиш эскирган.
2️⃣ Тасаввуфда тариқат машойихларига бериладиган унвонлардан бири. Масалан: Хожа Юсуф Ҳамадоний, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний.
Хўжа сўзи эса:
1️⃣ Бирор кимсанинг ёки нарсанинг эгаси; хўжайин. Бу маънода қўллаш ҳозир эскирган.
2️⃣ Ўзларини чорёрларнинг авлодлари деб ҳисобловчи мусулмонларнинг фахрий номи.
3️⃣ Ўрта Осиёда илгари маълум имтиёзга эга бўлган оқсуяклар ва уларнинг авлодлари.
4️⃣ Хўжазода эркаклар исмига қўшилади.
Хўжайин сўзининг этимологияси ҳам қизиқ. Изоҳли луғатга кўра, хожа сўзи форсчадан рус тилига хозя шаклида ўтгач, бирор жамоага мансубликни билдирувчи -ин қўшимчасини қабул қилган. Хозяин сўзи эса ўзбекчага хўжайин бўлиб ўтган.
Бироқ рус олимлари бошқа фикрда. Масалан, машҳур Фасмер луғатига кўра, хўжайин сўзидаги хожа рус тилига туркий тиллардан ўтган. Қадимги рус тилида хўжайин маъносидаги ходжа сўзи ҳам ишлатилган.
@oriftolib
BY Orif Tolib
Share with your friend now:
tgoop.com/oriftolib/1057