tgoop.com/ibratdir_dunyom/7815
Last Update:
Эндигина олти ёшга тўлган ўғлимнинг берилиб расм чизаётганини кўриб қизиққанча ёнига бордим:
— Ўғлим ниманинг расмини чизяпсан?
— Сиз, ойим ва ўзимнинг, — нигоҳларини менга қадади у.
Суратга аҳамият берсам, ўзининг ва менинг кўксимдаги юракни қора рангга бўяганди.
— Ўғлим, юрак қизил рангда бўлади. Мана бу қалам билан ранглаш керак эди.
— Буни биламан.
— Унда нега қора рангга бўядинг?
У менга айбдорона боқиб, гапиришда давом этди:
— Бувимнинг айтишича, бошқаларни йиғлатган одамларнинг юраги қора бўларкан. Сиз кеча ойимни йиғлатдингиз-ку ?
Жажжигина ўғлимнинг сўзларидан кечаги дилхиралик ёдимга тушиб кетди. Жаҳлимга эрк бериб қилган ишмдан ўз ўғлим олдида уялиб қолдим. Шундай бўлсада гапни ҳазилга бурдим:
— Унда сеники нега қора? Ёки сен ҳам бирор қўшни қизни йиғлатдингми?
— Йўқ мен ҳеч кимни йиғлатмадим. Шунчаки! Ўзингиз доим айтасиз-ку, "Сен худди мендай бўлишинг керак" деб. Шунга…
Ўзи билиб-билмай дадасига сабоқ бериб қўйган фарзандимни бағримга босар эканман, этим жимирлаб кетди. Бўғзимни куйдириб, бир жумла отилиб чиқди:
— Отангга ўхшама, ўғлим…
Ибрат излаганга — ибратдир дунё