tgoop.com/fayzboguz/21587
Last Update:
Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 11 поғона пастлади: айни дамда 180та давлат ичида 148-ўриндамиз
«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders, RSF) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган матбуот эркинлиги бўйича 2024 йилги янги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллади. Мамлакат 2023 йилги рейтингдаги ўрнидан бирданига 11 поғона пастлади.
«Президент Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг ОАВ учун шароитлар бирозгина яхшиланди. Шунга қарамай, ҳокимиятдагиларни танқид қилиш жуда мураккаблигича қолмоқда», — дейилади ҳисоботда.
Ҳисоботда айтилишича, расмийлар оммавий ахборот воситаларига қарши репрессив қонунларни тугатиш учун зарур бўлган ислоҳотларни ҳали амалга оширмаган. Цензура, кузатув ва ўз-ўзини цензуралаш кенг тарқалган. Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб»дан «ўта жиддий» даражага ўтган.
Қўшни мамлакатларимизда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият эса қуйидагича: Қозоғистон 142-ўрин (-8), Қирғизистон 120-ўрин (+2), Туркманистон 175-ўрин (+1), Тожикистон 155-ўрин (-2), Афғонистон 178-ўрин (-26).
Рейтингда аввалги йиллардагидек Шимолий Европа мамлакатлари — Норвегия (1-ўрин), Дания (2-ўрин), Швеция (3-ўрин), Нидерландия (4-ўрин) ва Финляндия (5-ўрин) етакчилик қилиб келмоқда.
Қуйи поғоналарда эса Эрон (176-ўрин), Шимолий Корея, Афғонистон, Сурия ва Эритрея қайд этилган.