tgoop.com/bayyinauz/14704
Last Update:
#Ислом_моҳияти
Ислом ва иймоннинг асл моҳиятини баён этувчи бир машҳур ҳадис:
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан олдимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозини тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. «Менга иймон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва: «Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.
«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.
«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар.
Сўнгра у қайтиб кетди. Шунда мен бирмунча вақт (ўша ердан) ғойиб бўлдим. Кейинроқ у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингиздан таълим бергани келибди», дедилар».
Яна бир ривоятда шундай дейилган:
«У Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра у қайтиб кетди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қайтаринглар», дедилар. Одамлар ҳеч нарсани кўрмадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», дедилар».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлиши, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қўйиши ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар»
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривоят қилишган.
———
Bayyina.uz | Taqviym.uz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!
Telegram | Instagram | YouTube
BY Bayyina.uz
Share with your friend now:
tgoop.com/bayyinauz/14704