tgoop.com/Rustam_MIRVOKHID/1208
Last Update:
ИСЛОҲ
Бу ҳаёт гулзорида узоқ сайр этди кўзим,
Ва ниҳоят бир гулни суйиб сайладим ўзим.
Йўқ, асло нолимайман, аммо эшит бу сўзим:
Онам – кўзимда қароғ, аёлим – қабоғ гўё,
Ўзинг улар орасин ислоҳ қилгил доимо.
Буржим тарозу эди, энди бурчим – тарозу,
Икки паллани бирдек тутмоқлик мушкул орзу,
Ундан кўра Қоф тоғин кўтармакка мен рози,
Лек онам – хонумоним, аёлим – шоним гўё,
Ўзинг улар орасин ислоҳ қилгил доимо.
Шубҳа йўқ, асли ҳаёт тўйдан кейин бошланар,
Бошимиз гар тош эса турмушда тарошланар,
Унда кўз йиғлаб кулар... гоҳо кулиб ёшланар ...
Нетай, онам – паноҳу аёлим дилхоҳ гўё,
Ўзинг улар орасин ислоҳ қилгил доимо.
Ҳаловатнинг ўзаги ҳалво эканин билдим,
Бу ҳалводан бошқаси ҳалво эканин билдим,
Тинч юрса ҳатто гадо подшо эканин билдим,
Бас, онам – суянч тоғим, аёлим боғим гўё,
Ўзинг улар орасин ислоҳ қилгил доимо.
Меҳрдан бир-бирига занжирбандлар қилиб қўй,
Тилларин заҳар эмас, болу қандлар қилиб қўй,
Гинаю адоватдан сарбаландлар қилиб қўй,
Келинмас, қайнонамас – этгил ҳафнафас гўё,
Ўзинг улар орасин ислоҳ қилгил доимо.
Умидим: шу мушкулим ҳамиша осон этсанг,
Бахтимга ҳар иккисин соғ этсанг, омон этсанг,
Ҳамён ғами йўқ менда Ўзингга ҳамён этсанг,
Аёл – узук, мен заргар, волида – гавҳар гўё,
Ўзинг улар орасин ислоҳ қилгил доимо!
2014
✍️ Рустам МИРВОҲИД
П/с: бу шеърни кеча келинлиги эсидан чиққан қайноналарга ва эртага қайнона бўлишини ўйламайдиган келинларга юбориб қўйинг. Шояд, тафаккур қилишса!
@Rustam_Mirvokhid
BY Rustam MIRVOHID ijodi
Share with your friend now:
tgoop.com/Rustam_MIRVOKHID/1208