tgoop.com/Rustam_MIRVOKHID/1186
Last Update:
УСТОЗ ЖУМАЛИ АКАГА!
Йўқ, мен мулозамат асло қилмасман,
Маддоҳликни мутлоқ суймайди жиним.
Балки, таърифингиз эта билмасман,
Лек, нетай, ёзмасам тополмам тиним.
Шун-чун шогирдингиз шахсан камина,
Тузмоқ бўлди Сизга шеърий чизгилар.
Қаранг, Сиз баҳона дилимда яна,
Сўзлар маржон бўлиб ипга тизилар…
Одамийлик илмин ўргангим келди,
Таълим олгим келди Сиздан саботни.
Аллоҳим ер узра қордайин берди –
Бизларга пурвиқор Сиздек устодни.
Ул мовий кўз ичра бургут нигоҳи,
Мақсад нишонини мудом кўзлайди.
Эшитинг, чинорнинг энг баланд шохи –
Сизнинг савлатингиз ҳақда сўзлайди.
Ва лекин ердан-да камтарсиз ғоят,
Манманлик отини минмадингиз ҳеч.
Биров ёвузликни касб этса фақат,
Сизда-чи? Хайр-ла кунлар бўлар кеч.
Баъзан тадбирларда монолог ўқиб,
Дилларга изтироб юкин ортасиз.
Афғон урушидан ашъорлар тўқиб,
Занжирбанд шердайин наъра тортасиз.
Баъзан-чи? Жиддийлик тўнини ечиб,
Латифа айтасиз беғубор, янги.
Биз ҳам қаҳ-қаҳ уриб куламиз жўшиб,
Ҳатто хоналарни тутар жаранги.
Зар қадрин билади дейдилар заргар,
Шеър сирин Сиз каби билгувчи мумтоз.
Йўқса, чун шеър айтсам мен-ла баробар,
Ловуллаб ёнасиз бамисли қоғоз.
Турк-у ўзбек тилин омухта қилиб,
Ажойиб лаҳжада сўзлайсиз, устод.
Хаёлимда Румий гўё тирилиб,
Навоий лафзида яратар абёт...
Ҳа, Сиз икки халқнинг фарзандидирсиз,
Ҳаққингиз бор барин “Она!” дегали.
Мисли икки шохнинг пайвандидирсиз –
Эй, бизнинг меҳрибон, устоз, Жумали!
Йўқ, мен мулозамат асло қилмасман,
Маддоҳликни мутлоқ суймайди жиним.
Балки, таърифингиз эта билмасман,
Лек, нетай, ёзмасам тополмам тиним.
Шун-чун шогирдингиз шахсан камина,
Тузмоқ бўлди Сизга шеърий чизгилар.
Қаранг, Сиз баҳона дилимда яна,
Сўзлар заррин ипга дурдек тизилар.
П/с: Бугунги таваллуд айёмингиз муборак бўлсин дея, барча шарқшунос ҳамкасбларингиз ва шогирдларингиз номидан
©Рустам Мирвоҳид
@Rustam_MIRVOKHID
BY Rustam MIRVOHID ijodi

Share with your friend now:
tgoop.com/Rustam_MIRVOKHID/1186