tgoop.com/MuhammadAkbarAzim/903
Last Update:
Матн билан қўёлмадим.
Жароҳатланган журналист Доҳаа Ал-Саййифининг сўзлари, у уч фарзандидан айрилган, паст жағидан жудо бўлган, қўли оғир шикастланган:
«Мен — жароҳатларга қарамай, сукутга маҳкум этиб бўлмайдиган овозман».
Мен — Ғазолик фаластинлик аёлман. Оғриқнинг гувоҳи, қатлиомдан омон қолган она — бир лаҳзада Ритал, Нурул Ҳаққ ва Усома исмли уч фарзандимни ҳаёт бағридан узиб кетган фожиани бошдан кечирганман.
Жисмонан тирик қолдим, аммо танам жароҳатлар билан тўла. Ҳар бир лаҳзани эса — болаларининг номини юраги ва ёдига ўйиб ёзган онанинг парча-парча қалби билан яшаяпман.
Ёзган ҳар бир сўзим, айтган ҳар бир ҳарфим билан — юртимнинг оғриғи, халқимнинг нидосини кўтариб юраман.
Энди мен фақат журналист эмасман. Энди мен — урушда чилпарчин бўлган она, мақсадни юрагида кўтариб юрган инсон ва дунё виждонида Фаластин оғриғини тирик тутишга уринаётган овозман.
Менинг хабарим — нафақат йўқотиш хотираси. Бу — инсоний виждонларга қилинаётган илтижодир:
Биз рақамлар сифатида ўлдирилмаяпмиз — биз исм эдик, юз эдик, орзу эдик… замонавий геноциднинг зулмидан тортиб олинган ҳаётлар эдик.
Мен — шаҳид фарзандлар: Ритал, Усома ва Нурул Ҳаққнинг онасиман.
Мен — яраланганман.
Мен — ҳамма ёқда виждонлар ўлганда, яшаб қолган виждонман.
Менга «сабрли бўл» деманг. Мен Роббимнинг иродасига рози бўлганман.
Аммо ёзаман, гапираман, ҳужжатлаштираман. Янги ҳаёт бошлаганим учун эмас, фарзандларимнинг номи қатлиомлар орасида йўқолиб кетишига йўл қўймаслик учун.
Чунки мен ишонаман: биз севганлар ҳеч қачон бутунлай ўлмайди… агар уларнинг овози орамизда яшаса.
Йўқотиш оғриғи сўз билан ифодаланмайди — у қалбга ўйиб ёзилади, абадий.
BY Муҳаммад Акбар Азим 🔻

Share with your friend now:
tgoop.com/MuhammadAkbarAzim/903