tgoop.com/MuhammadAkbarAzim/829
Last Update:
Кеча тилим билан бир қадрли инсонимни жароҳатладим, бугун фейсбук қуйидаги шеъримни пост қилганимни эслатди.
* * *
Насиҳат қиларди келганда бувам,
— Ёмон сўз келганда очилмаса лаб.
Биздан қаттиқ жахли чиққанда бувам,
Гапирмас эдилар бизга ҳафталаб.
Аразданми дердим ўйланиб гоҳо,
Эртаси бувамнинг лаблари яра.
Дуо қилардилар: Роббим, илоҳо,
Набирам ёмон сўз айтмасин сира.
Яхши гап кучига гувоҳдир само,
Жаранг баланд чиқар бўм-бўш чиннидан.
Илонлар инидан чиқсин-у, аммо,
Қиличлар чиқмасин асло қинидан.
Мана йиллар ўтди йилларни қувиб,
Ёмон сўзлар ёғар мисли ёмғирдай.
Уларнинг остида кетяпман ивиб,
Буважоним, айтинг мен қандай чидай?!
Саломга алик ҳам келгандек малол,
Бошини силкитиб ўтади биров.
Яхшиям саломим кетмайди увол,
Фаришталар алик олишар дарров.
Дўстларим тилидан томади заҳар,
Секин узоқлашиб оламан дўстдан.
Истиғфор айтаман ҳар кеч ҳар сафар,
Қайтармадим дўстни дилбузар сўздан.
Табассум қиламан, бўлиб мулойим,
Сўзларим сукутдай сочмаса жилва.
Тилимга ёмон сўз келганда доим,
Лабимни тишлашни ўргандим, бува.
Муҳаммад Акбар Азим
2018.04.25
BY Муҳаммад Акбар Азим 🔻
Share with your friend now:
tgoop.com/MuhammadAkbarAzim/829