tgoop.com/MuhammadAkbarAzim/445
Last Update:
Фаластин ҳақида кўп ёзаман, балки, сизларни ҳам эзиб юборгандирман…
Баъзида менга Твиттер (Х)да ёки телеграмда «Дуодан бошқа иш қўлимиздан келмаяпти», деб изоҳ ёзадиган кишилар учраб қолади.
Эй азиз диндошим! Унутманг! Сизнинг ана шу дуоларингиз ҳозир жудаям керак, қўлимдан ҳеч нарса келмаяпти деб дуо қилишдан ҳам юз бурманг ёки дуони қадрини ҳақир санаб қўйманг.
Дуо мўмин учун шу қадар улкан ибодатки, Аллоҳ таолога дуо қилиш билан яқинлашганчалик бошқа амаллар билан яқинлашиш қийин, ич-этингизни бирор нарса тирнаб турганда, атрофингизни тун зулмати қоплаб, ёруғлик кўринмаганда, мусибатлар устингизга худди кузнинг ёмғири каби ёғилганда, ғафлат босиб ухлашга эмас, дуони кўпайтиришга киришасиз-ку. Худди шундай дунёнинг қаерида бўлмасин, бирор мўминга азият етиши сизни безовта қилиши, қалбингизга, ақлингизга уларга кўмак бериш хоҳиши келиши керак. Дуо — кам машаққат талаб қилинадиган энг яхши кўмак ҳисобланади.
Нўъмон бин Башир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз ﷺдан ривоят қилган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: «Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади».
Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Энди ўйлаб кўринг, қачон ўзингизга етган мусибатда истиржо айтмай, дуо қилмай, бепарво бўлдингиз?!
Мўмин-мўмина диндошларингизга ҳам бепарво бўлманг.
Дуонинг қадри ҳақида қуйидаги ҳадис биз учун кифоя қилиши керак!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий ﷺ: «Аллоҳ таолога бирор нарса дуодан кўра қадрлироқ эмасдир», — дедилар».
Имом Термизий ривояти
Тафаккур қилинг, дуо қилинг, барчамиз ислоҳ бўлайлик!
BY Муҳаммад Акбар Азим 🔻
Share with your friend now:
tgoop.com/MuhammadAkbarAzim/445