tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1085
Last Update:
Яширилган пул
Бола эдим. Дадамлар трактор миниб, оиламизни боқишарди. Сезон келса, кечалари ухламай ишлашарди. Кўпчиликда пул вақтида бўлмасди ва кўпинча дадамлар ишда эканликларида, одамлар уйга пул ташлаб кетишларига тўғри келарди. Акам ва опамлар ўқишда бўлганликлари сабаб, пулни мен ёки онам олиб қолардик.
Лекин пул берган одамлар ишонқирамай, “дадасига бериб қўярмикин, яна дўконга бориб нарса олиб еб қўймасмикин,” деб ўйлашарди. Мен эса бола бўлганим учун одамларнинг ишончсизлик қилишаётганини тушунмасдим. Чунки бизнинг уйда пул ўғирлашга эҳтиёж йўқ эди. Пул қаерда туришини билардим. Дадамлар келишса, нимага ишлатганимни айтиб қўйсам бўлди эди. Ноўрин сарфласам, гап эшитишимни билиб, фақат арзийдиган нарсалар учунгина пул ишлатардим.
Бир куни дадамлар ишдан келганларида сўрадим:
— Дада, одамлар нега пул беришга келганда доим сизни сўрайди? Онамларга ёки менга бериб кетганлари ҳам шубҳаланиб бериб кетади, — дедим.
Дадам бироз ўйлаб:
— Ўғлим, ҳамма оилада ҳам муҳит бизникидек эмас. Бувинг (раҳматли) ойлик олганларида пулни ҳамма кўрадиган жойга қўярдилар. Бир куни дугоналари бувингни кўргани келишганда, укамларни пул ўйнаб ўтирганини кўриб “Ханифахон, болалардан пулни олинг, яна ўғирлаб дўконга кетиб қолмасин,” дейишди. Шунда бувинг: “Боладан пул яширилмайди. Пулни кўриб катта бўлган боланинг назари тўқ бўлади. Бугун мен яширсам, эртага булар ҳам пул яширишни ўрганади. Болалар пулни ўйнаб бўлиб, ташлаб чиқиб кетади,” деб жавоб берган эдилар. Айтганлари бўлди — укамлар пулни ўйнаб-ўйнаб, жойига қўйиб, ўзлари ўйнагани чиқиб кетишди. Шунда дугоналар: “Вой, булар қандай ақлли болалар-а,” деб ҳайрон бўлишган эди, — деб гапни якунладилар.
Дадам ёшлигимдан пулни яширмаслик кераклигини ўргатганлар. Уйда онамларга ҳам кўп айтардилар:
— Болалар уйда қанча пул борлигини билиб турсин. Шунга қараб уйда тўқчиликми ёки йўқчиликми — билиб олишади. Пулни яширсангиз, бола “дадамда пул кўп,” деб ўйлаб юраверади, масъулиятни ҳис қилмайди. Пул йўқми — билсин, шунга яраша камроқ сарфлашни ўрганади. Кўп бўлса ҳам — билсин, бошқаришни ўрганади, — дердилар.
Бу ҳолатнинг аҳамиятини 8-синфда ўқиётган пайтимда тушундим. Аллоҳнинг фазли билан, 8-синфда оиламизга бироз синовли кунлар келди. Дадамларнинг ишлари бироз орқага кетиб қолди. Пул бор, лекин тежаб ишлатишга мажбур эдик.
Мактабда 500 сўмга нонга хот-дог қилиб беришарди. Биттасини есам, тўймасдим. Синфдошларим 1000 сўмга иккита олиб ейишарди. Уйда пул камлигини билганим учун бирор марта дадамлардан “1000 сўм беринг,” деб сўрамаганман. Чунки оиладаги вазиятни билардим. Иккита ейишга виждоним йўл қўймасди.
Боладан пул яширманг. Боланинг назарини ёшлигидан тўқ қилиб катта қилинг. Пул яширилган оиладан назари оч, пул яширадиган, беоқибат фарзандлар етишиб чиқади. Болага ёшлигидан пул яширишни эмас, пулни бошқаришни ўргатинг.
👉 @Abduqahhorov_Abduvahob
BY Abduvahob Abduqahhorov | Blogi📝
Share with your friend now:
tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1085