tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1080
Last Update:
Энг яхши сармоя
Энг яхши сармоя — таълимга йўналтирилган сармоядир. Энг қиммат капитал — тилла эмас, ақл. Замонавий ҳаёт талаби шунчаки диплом эмас — чуқур билим, теран фикр, кўп йиллик тажриба.
Бугунги кунда спорт ҳам энг самарали сармоя йўналишларидан бирига айланган. Лекин бир нарсани унутмаслик керак: қайси соҳада бўлмасин, ақл ҳамиша биринчи ўринда туради. Спортда ҳам муваффақиятга етишиш учун фақат куч эмас, авваламбор стратегия, интизом ва юқори IQ даражаси керак.
Афсуски, ҳозирги кунда кўпгина оилаларда сармоя кераксиз нарсаларга йўналтириляпти. Боласига 5-синфдан бошлаб қиммат сенсор телефон олиб беради. Сабабини сўрасанг: “Ўртоқларида бор экан, ўксиб қолмасин”, дейди.
Натижада бола Инстаграм, ТикТок очади. Шундан сўнг мактабдаги қолган йилларини телефонга қараб ўтказади. Якунда эса мактабни битириб, қўлига экрани синиқ эски телефонини олиб Россия ёки Қозоғистонга иш излаб кетади.
Оилавий шароити яхши бўлмаганлиги сабаб тирикчиликни эрта бўйнига олиб, четга кетганларга — чексиз ҳурматим бўлсин. Лекин шароити бўла туриб, 16 йилда олдига бир аниқ мақсад қўя олмаган болаларга ёки боласининг келажагига инвестиция қилмаган ота-оналарга — чексиз афсусларим бўлсин.
Бу вазиятда ечим қандай?
Аввало болани — илмга, ҳунарга, спортга йўналтиринг. У ҳаётда ўз йўлини, мақсадини топиб олгач, эҳтиёжидан келиб чиқиб, унга керакли воситаларни — телефон бўладими, ноутбук бўладими — олиб беринг.
Мени ўзим илк катта экранли шахсий телефонимга 19 ёшимда, илк шахсий машинамга 24 ёшимда эришганман. Оиламизда ҳар доим телефон ва машина олиб беришга шароит бўлган. Лекин ота-онам болалигим зўр бўлиши учун эмас, келажагим зўр бўлиши учун инвестиция қилишган.
👉 @Abduqahhorov_Abduvahob
BY Abduvahob Abduqahhorov | Blogi📝

Share with your friend now:
tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1080