tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1073
Last Update:
Одамлар нима деркин?
Олдинлари бирор иш қилмоқчи бўлсам, ўй-хаёлларимни энг кўп эгаллайдиган савол шу бўларди: “Одамлар нима деркин?”
Аллоҳнинг изни билан бошлаган ишларимнинг деярли 90% яхши натижа бергани сабабли, кўпинча мақтовлар эшитиб келдим. Лекин икки йил олдин 10 минг доллар пулимни йўқотдим. Яъни, яхши тушунмаган соҳамга инвестиция қилдим. Ишни яхши ўрганмаганим, керакли бюджетдан камроқ маблағ ва аввалги муваффақиятларимдан орттирган ортиқча ишонч — бу лойиҳанинг муваффақиятсиз якунланишига сабаб бўлди.
Мен ва оиламиздаги барча бу вазиятга ижобий қарадик. Ҳа, ишлаётган одам хатога йўл қўяди. Идеал инсон йўқ. Аммо ташқаридан келган салбий фикрлар мени анча-мунча депрессияга тушириб қўйди. Кимдир: “Бу бола тасодифан чиқиб қолганди”, дейди. Яна кимдир: “Ўзи кибрга берилиб, босар-тусарини билмай қолганди”, дейди. Барчаси қуруқ гап. Қилганимдан кўра қилмаганим кўпроқ муҳокама бўлди.
Орадан кўп ўтмай яна 10 минг доллар пулни ўзим яхши тушунадиган ишга сарфладим. Бу сафар жуда жиддий ёндашдим — бозорни ўргандим, аниқ ҳисоб-китоб қилдим ва энг муҳими, ҳар бир босқичда муваффақиятни ўзимдан эмас, Аллоҳдан деб билдим. Натижа эса кутганимдан ҳам яхши бўлди.
Кейин мени “тасодиф меваси”га чиқарганлар бу сафар: “Билардик, бу бола бўладиган бола. Қонида бор-да”, деб мақташга тушишди.
Агар бирор иш бошламоқчи бўлсангиз-у, “одамлар нима деркин?” деб қўрқиб турган бўлсангиз — ҳеч иккиланманг. Бошлайверинг!
Натижа аниқ:
• Агар ишингиз омадли келса — “ўзи ёшлигидан бўладиган бола эди”, дейишади.
• Агар омадсиз келса — ақлсиз, савиясиз, кибрли ва яна қанақадир шахсга айлантириб қўйишади.
Нима қилманг, барибир муҳокама қилинасиз. Улар ўз даражалари ва дунёқарашларидан келиб чиқиб, тушуниб-тушунмай албатта муҳокама қилишади. Қизиғи — сиз иш қиляпсиз, улар муҳокама қилишяпти. Вақтларини сизга ажратишяпти. Агар ҳеч нарса қилмасангиз, сизни ҳеч ким эсламайди. Бу дунёда борлигингизни оилангиздан бошқа ҳеч ким билмай ўтиб кетаверасиз. Бу эса жуда ёмон ва ачинарли ҳолат.
Бола ҳам ўрнидан туриб юришни ўрганиши учун қайта-қайта йиқилади, аммо тўхтаб қолмайди. Натижада юришни ўрганади. Сиз бўлса юмшоққина диванда дабдабали ҳаёт, иномарка машина, кўплаб пулларни орзу қилиб ётибсиз.
Агар омад шовда 30 та Damas ютиб олиб бойиб кетаман деб ўйлаётган бўлсангиз, билингки 0,00000000001% имкониятни кутяпсиз. Бу эса деярли “0” дегани.
Ўрнингиздан туринг. Бир марта бўлса ҳам ҳаракат қилиб кўринг. Унутманг — яхши ҳаётга юмшоқ диванда ётиб борилмайди. Яхши ҳаётга машаққатли йўл, кўп меҳнат ва керакли илм билан борилади.
Ҳаракат қилиб муваффақиятга эришасиз. Барчасини ёзиб жўнатасиз. Мен бўлса шу Telegram каналимда сиз учун аталган пост чиқараман. Келишдикми? 🤝
👉 @Abduqahhorov_Abduvahob
BY Abduvahob Abduqahhorov | Blogi📝
Share with your friend now:
tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1073