tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1053
Last Update:
Сўнган ишонч
Абитуриент бўлиб ўқиб юрган пайтларимда, “ўқишдан чалғитади” деб телефон олиб беришмаган. Тайёргарлик кўрган жойимда ҳам телефон олиб келиш таъқиқланганди. Шу сабабли 19 ёшимгача шахсий замонавий телефоним бўлмаган.
Ҳар гал тайёргарликдан уйга келсам, синфдошларимнинг янги, замонавий телефонларини кўриб, қалбимда шундай телефонга эга бўлиш орзуси тобора кучаярди. Бир куни бир қариндошимни кўргани бордим. Уйга қайтаётганимда у киши менга шундай деди:
— Ўқишга кирсанг, қизлар ишлатмаган, энг зўр телефонни олиб бераман!
Қанча хурсанд бўлганимни сўз билан тарифлаб бўлмайди! Бошим осмонга етди. Ўртоқларимга ҳам: “Ўқишга кирсам, ҳеч кимда йўқ телефон менда бўлади”, деб фахр билан гапирардим.
Ниҳоят, 2017 йили биринчи уринишда Тошкент Тиббиёт Академиясига ўқишга кирдим. Натижалар эълон қилинган куниёқ ўша қариндошимнинг олдига бордим.
— Мен ўқишга кирдим! Телефонни ҳаракатини қилаверинг.
Бир муддат жим турдиларда шундай дедилар:
— Ҳеч қандай телефон йўқ. Бу гап шунчаки сени руҳлантириш учун эди.
Ўша пайт қалбимда нимадир синди. Ҳеч нарса демай, жим уйга қайтдим. Кечқурун акам менга энг яхши телефонлардан бирини олиб келишди. Аммо мен у телефонни акамдан эмас, ваъда берган инсондан кутгандим.
Ўша кун — ишончим синган, қалбимда илк марта одамларга нисбатан эҳтиёткорлик пайдо бўлган кун эди. Шу пайтдан бошлаб тушундимки:
“Агар ҳеч кимга ишонмай қўйган экансан — демак, сен улғайибсан.”
Баъзан бажарилмай қолган кичик бир ваъда, бир инсонни бир умрлик ишончнини синдириб қўяди. Қўлингиздан келмаса — ваъда берманг. Агар ваъда берган бўлсангиз, у инсон ёшми-каттами, албатта бажаринг.
Мана бу воқеага ҳозир 8 йил бўлди. Бугун қўлимда энг зўр телефонлардан бири бор. Лекин олдингидай ишонч йўқ.
👉 @Abduqahhorov_Abduvahob
BY Abduvahob Abduqahhorov | Blogi📝
Share with your friend now:
tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1053