tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1048
Last Update:
Ҳар доим ҳам қийинчиликлар кучли одамларни ёки яхши шароит доимо кучсиз одамларни вужудга келтиравермайди.
Кўплаб машҳурлар интервью берганларида, одатда, йўқчиликдан чиққанини ёки қаттиқ қийинчиликларга дуч келганини фахр билан айтиб беришади. Менимча кўпчилигида, бу — шунчаки провокация.
Чунки тўқчиликда катта бўлган болани бир соат компютердан узоқлаштириш ҳам қийинчиликдек туюлади. Келинг, буни ўзим ва атрофимдаги инсонлар мисолида кўриб чиқамиз.
Мен кичик фарзанд бўлганим учун, ёшлигим дадамларнинг яхши пул топадиган даврларига тўғри келган. Ҳар доим яхши бўлган деб айта олмайман, лекин 95% болалигим ўртача, ҳавас қилса бўладиган ҳаётда ўтган. Бугун менинг атрофимдаги яқин синфдошларим ва ҳамкасбларимнинг тахминан 90% ўртаҳол оиладан чиққан. Лекин бу ўртача шароит менга ёки атрофимдагиларга салбий таъсир қилмади. Атрофимдаги ҳамма ҳаётда ўз ўрнини топган. Тўғри, биз миллионер эмасмиз, лекин оиламизни бошқалардан кам қилмай таъминлаб келяпмиз.
Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, одамнинг қандай шароитда туғилгани ёки катта бўлгани унинг келажакда қандай инсон бўлишида ҳал қилувчи омил эмас. Аксинча, қандай оилада ва қандай инсонлар орасида катта бўлгани унинг келажакда қандай инсон бўлишига таъсир қилади. Масалан, менинг дадам риск қилишни яхши кўрар эдилар. Агар бирор иш қилмоқчи бўлсалар, тез қарор қабул қилишарди. “Нима бўларкан?” деб кўп ўйлаб, йиллаб кутиб ўтирмасдилар. Бундан ташқари, атрофларидаги ака-ука, қўни-қўшниларга жонкуяр одам бўлаганлар. Бугунги кунда акамда ҳам, менда ҳам шу характер бор: тез қарор қабул қиламиз, бир ишни бошлашга қўрқиб ўтирмаймиз.
Тўғри, тез қарор қабул қилиб хато қилган вақтларимиз ҳам бўлган. Масалан, BYD машинаси янги чиққан пайтда уни жуда қимматга сотиб олдик, яқинда эса ярим нархига сотдик. Келинг, шу машинани олишимизнинг плюс ва минусларини кўриб чиқайлик.
Плюслари:
– У пайтда кам сонли одамлар бу машинани билишарди. Биз эса ҳеч кимда йўқ вақтда олдик.
– Биз одамларга ҳаракат қилиб зўр машина олиш мумкинлигини исботладик.
– Шу икки йил давомида жуда ҳам қулай, комфорти яхши бўлган машинада юрдик.
– Ва энг муҳими, ота-онамиз биз билан фахрланиши учун етарли сабаб бўлди.
Минуслари:
– Бир ярим йилда тахминан 18 минг доллар зарар кўрдик, чунки хитой машиналари нархи тез тушиб кетди.
– Унинг жиҳозлари ва мой алмаштириши биз учун муаммоли бўлди.
– Бироз сотишда ҳам қийналдик.
Энди бизда BYD машинаси билан боғлиқ тажриба ва хотиралар бор. Қўрқиб ўтирганларда эса йўқ. Тўғри, энди арзон нархга олишингиз мумкин. Лекин биринчи чиққанда олиб миниш мазасини ҳис қила олмайсиз.
Болани тарбиялашда энг муҳими — ўзингизни тарбияланг. Барибир ўғлингиз сизнинг клонингиз бўлади. Бугун агар сиз риск қила олмасангиз, умр бўйи ойликка қараб яшайсиз. Сизда риск нималигини кўрмаган фарзандингиз ҳам эртага риск қилиб муваффақиятли инсон бўлиш эҳтимоли жуда кам.
Ўзингизга керагидан ортиқ чегаралар қўйманг. Ишсиз қолишдан қўрқманг. Мен 6 йил тиббиёт институтини тугатиб, бошқа соҳага ўтиб кетганимда, кўпчилик атрофимдагилар ва инситутдаги танишларим мени хато қиляпти деб ўйлашди. Керак бўлса, соатлаб мени хато қилаётганимни тушунтиришга урунишди. Тўғри, хато қилдим. Лекин шу “хато” туфайли улар ҳозир спаркни бўлиб тўлашга олаётган пайтда, мен малибуни нақд пулга олдим. Бугун улар энг арзон уйни қидириб юрганида, мен энг қиммат уйни қидириб юрибман.
Риск қилишдан қўрқмаслик сизни ё бой қилади, ё тажрибали.
Йўқотадиган нарсангиз йўқ. Чунки ризқ ёзилган — камаймайди ҳам, кўпаймайди ҳам. Фақат баракали ё баракасиз бўлади.
Ризқ миқдори ўзгармаса, риск қилишдан нега қўрқасиз?
Босинг — ҳозир айни вақти. Ҳозир сиз олмоқчи бўлган уйнинг қурилиши бошланди, машинангиз эса салонда сизнинг риск қилиб муваффақиятга эришишингизни ва уни олиб кетишингизни кутиб турибди.
Бу видеони 2022 йил август ойида, аптекадаги ишдан қайтиб, “Ролтон” еб юрган вақтим олганман. Тўғри чўнтагимда арзимас пул бор эди, лекин ўша пайтда ҳам бутун вужудим мотивацияга тўла бўлган.
👉 @Abduqahhorov_Abduvahob
BY Abduvahob Abduqahhorov | Blogi📝
Share with your friend now:
tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1048