tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1042
Last Update:
Кўнгил машинаси
Суриялик олим Муҳаммад Хайр аш-Шиъолга Ҳайсам исмли бир тикувчи айтиб берган экан. Ҳикоя соҳиби шундай дейди:
“Менинг тикув корхонам бор эди. Қўшни аёллардан Умму Жамил исмли аёлнинг эри вафот қилиб қолди. Унинг учта етими бор эди. Бир куни у менинг корхонамга келиб деди:
— Менинг бир тикув машинам бор. Уни эрим ишлатар эди. Биз уни қандай ишлатишни билмаймиз. Мен эса етимларимни боқишим керак. Ўша машинамни сизга келтириб ижарага берсам. Ижара пули билан ўзимни ва етимларимни боқар эдим.
Мен қайтаришга ҳаё қилиб, унга дедим:
— Майли, келтирингчи.
Аёл тикув машинасини келтирди. Унинг машинаси жуда эски модел экан. Бу машина учун менинг корхонамда ҳеч бир иш йўқ эди. Аммо мен бу аёлнинг кўнглини синдиришни истамадим. Ундан ижарага қанча пул беришим лозимлигини сўрадим. У уч минг лира деди. Бу воқеа Сурия урушидан йигирма йиллар олдин бўлган эди. Мен тикув машинасини олиб қолдим ва унга уч минг лира бериб юбордим.
Машинани бир бурчакқа қўйиб қўйдим. Ўн йиллар ўтди. Умму Жамил мендан ижара пулини олиб турди. Аммо тикув машинасидан умуман фойдаланмадим. Энди тикув корхонамни шаҳар четидаги бир бошқа бинога кўчирмоқчи бўлдим. Нарсаларни кўчираётиб, ходимларимга:
— Умму Жамилнинг машинасини ҳам олинглар! — дедим.
Цехни юритадиган аёл деди:
— Бизнинг Умму Жамилнинг машинасига эҳтиёжимиз йўқ. Кўчириб нима қиламиз?!
Мен:
— Кўчиринглар, тамом! — дедим.
Яна ўн йиллар ўтиб, Сурияда уруш бошланди. Менинг корхонам жойлашган минтақа вайрон бўлди. Аммо менинг корхонам сақланиб қолди. Уруш сабабидан Умму Жамил билан алоқамиз узилиб қолди. Унинг манзилини ҳам топа олмадим. Унинг телефони ўчган эди.
Цехни юритадиган аёл мендан кетиб, Европага борибди. Икки ойдан сўнг мен билан боғланиб, бир туш кўрганини, уни менга айтиб беришини истаётганини айтди. Мен:
— Гапир, — дедим.
У шундай деди:
— Тушимда ғойибдан овоз эшитдим. У овоз шундай деди: “Умму Жамилнинг тикув машинаси баракотидан сизнинг корхонангизни сақлаб қолдик!”
Тикувчи Ҳайсам доктор Шиъолга шундай деган экан:
— Ҳурматли доктор! Ишонсангиз, менинг корхонамдаги битта нина ҳам йўқолмади. Ваҳоланки, бу минтақадаги бирор бир жой зарарсиз қолмаган!
Эҳтимол, сизни ҳам заиф бир бева аёлга ёрдам беришингиз сиз ва оилангизнинг ҳимоя қилинишига сабаб бўлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Ёнидаги қўшнисининг очлигини билатуриб, қорни тўқ ҳолда хотиржам ухлаган киши менга иймон келтирмабди!”
Яна айтадилар:
“Эй Абу Зарр! Агар шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ сол. Қўшниларингни йўқлагин!”
Қанча-қанча Умму Жамиллар кўчаларда саргардон. Уларнинг эҳтиёжини қилсангиз, биров билмайди. Бунинг номи — махфий садақа. Бунинг номи — кўнгил олиш…
👉 @Abduqahhorov_Abduvahob
BY Abduvahob Abduqahhorov | Blogi📝
Share with your friend now:
tgoop.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1042