Telegram Web
#иқтибос

Жисмоний шахснинг тадбиркорлик мақсадларидаги нотурар жойларини солиққа тортишда юридик шахс мол-мулк солиғига тенглаштирдик. Юридик шахс фойдаланадиган турар жойларни жисмоний шахс мол-мулк солиғига тенглаштирмадик.

Бир чўпоннинг фикрлари

@auditor_team
Имтиёзларни қўллашдаги концептуал муаммо...

#мулоҳаза

Амалиёт тақозоси билан кўп бухгалтерлар билан гаплашишга тўғри келади. Шу пайтда улар кўпинча солиқ кодекси ёки бошқа солиқ қонунчилиги хужжатларидаги имтиёзларни айнан кимлар учун ва қандай шартларда қўлланиши ва рискли тарафлари ҳақида хеч қаерда маълумот йўқлигини айтишади.

Солиқ органлари солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини индивидуал тартибда ҳар бир тадбиркорга алоҳида тушунтиришдан кўра барча учун умумий маълумотларни эълон қилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бундай умумий маълумот ўз ичига қуйидагиларни олади:
- имтиёз кимлар учун тадбиқ этилади?
- имтиёздан фойдаланиш шартлари қандай?
- имтиёз қўллаш муддати қанча?
- имтиёзни қўллаш бўйича битта мисол.

Албатта, солиқ органи сайтида эълон қилинган 4 500 та имтиёзни (юқоридаги жадвалда кўрсатилган) тушунтириб бериш катта вақт ва ресурс талаб қилади. Лекин, унинг аҳамияти ва тадбиркор учун кўмакчи бўладиган бу маълумотлар Солиқ кодексининг 9-моддасидаги "солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги принципи"нинг айни ижроси бўлган бўлар эди.

📚 Мазкур лойиҳани ташкил этиш ва бошқариш бўйича кўнгилли бўлиб иштирок этишимиз мумкинлигини билдирамиз.

Имтиёзлар сонига оид таҳлиллар қуйида расмий маъулмотлар асосида тақдим этилмоқда.

@auditor_team
Юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари

#мулоҳаза

Бугун Солиқ кодекснинг 32-моддасини шарҳлаймиз. Мазкур модда юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари тушунчаларини аниқлаштиради.

Мазкур модда шарҳи билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

@auditor_team
Lindsay ва Солиқ органи (1932 йил)

#вазият

Биз тажрибасини яқиндан ўрганаётганимиз Буюк Британия ва Сингапур давлатлари солиқ қонунчиликлари бизникига қараганда анча расво. Қайси маънода дейсизми? Тушунчаларни аниқлаштириш маъносида. Лекин, уларда суд низолари якуний қарорлари солиқ қонунчилиги сифатида барча учун тенг қўлланади. Шунинг учун баъзи қизиқарли суд кейсларини бериб борамиз.

Биринчи кейс 1932 йил юз берган ҳолат: Lindsay (жисмоний шахс) ва Буюк Британия солиқ органи ўртасида юзага келган. Унга кўра, Lindsay АҚШга ноқонуний равишда виски сотиш билан шуғулланган. Солиқ органи ноқонуний фаолиятдан олинган даромад ҳам солиққа тортилиши керак деган ҳулосани билдирган.

Aргумент: Lindsay фаолият ноқонуний бўлгани учун, фойда солиққа тортиладиган даромад деб ҳисобланмаслиги керак деб таъкидлаган.

Суднинг ҳукми: Суд рози бўлмаган. Даромад манбаи (қонуний ёки ноқонунийлигидан қатъий назар) мавжуд деб қарор қилган. Оддийроқ қилиб айтганда, агар сиз ноқонуний йўл билан пул ишлаган бўлсангиз ҳам, ундан солиқ тўлашингиз керак.

Хулоса: даромад манбаининг қонуний ёки ноқонуний бўлиши унинг солиққа тортилишига таъсир ўтказа олмайди.

@auditor_team
Фойда солиғи таълимоти (Сингапур 3-қисм)

#мулоҳаза

Бугун фойда солиғида солиқ солинмайдиган даромадлар тўғрисида гаплашамиз. Сингапур тажрибасида капитал даромад ва капитал харажатлар солиққа тортилмаслиги оқибатида жуда катта муаммо доимо юзага келади. Яъни фойдаланиш учун олинган хусусий мулк сотилиши товар сотилиши эмасми деган савол. Бундай савол бизнинг Солиқ кодексимиз бўйича жисмоний шахслар учун ЖШДСда ва АОС тўловчи юридик шахслар учун асосий воситаларни сотишда келиб чиқмоқда.

Капитал даромад ва тушумга оид даромадни дарахт ва унинг мевасига ўхшатиш мумкин. Дарахтни экдингиз. Бу капитал сарф эди. Дарахт мева солди – бу маҳсулот эди. Сотилган мевалар компания учун тушумга оид даромад бўлади ва солиққа тортилади. Дарахтни ўтин ёки ёғоч сифатида сотишингиз капитал даромад ҳисобланади ва солиққа тортилмайди.

Капитал даромад ва тушумга оид даромадни фарқлаш учун уларнинг предмети бўлган мулк сотилишини савдо сифатида қараш ёки қарамаслик учун 6 та аломат белгиланган.

Биринчи аломат
Реализация предмети. Баъзи мулклардан асосан қайта сотиш учун фойдаланилади ва ундан шахсий мақсадлар учун камдан кам ҳолларда фойдаланилади. Масалан, айтайлик пандемия пайтида бир савдо компанияси 200 мингта ниқоб сотиб олган. Мазкур ниқобларни ўз эхтиёжига олганлигини кўрсатиб бериши қийин бўлиши мумкин. Чунки, бу компания ҳодимлари ҳар кун биттадан янги ниқоб тақса ҳам 10 йилга етадиган ниқоб сотиб олинган.

Иккинчи аломат
Эгалиқ қилинган давр. Мулкка қанчалик узоқ эгалик қилинса, уни сотиш учун олинганлиги эхтимоли шунча кам бўлади. Масалан, акцияларни узоқ муддат ушлаб тургандан сўнг сотилиши бу компания учун капитал даромадни юзага келтиради ва солиққа тортилмайди.

Учинчи аломат
Операциялар сони. Бир ҳил мулкка оид сотиш операциясини мунтазам амалга оширилиши уни тушумга оид операция сифатида қаралишига сабаб бўлади. Масалан, компания автомобилларни импорт қилган ҳолда ўз эхтиёжлари учун одатда 6-12 ой давомида фойдаланади ва одатда ҳисобдан чиқаради. Бундай мунтазамлик ушбу операцияларни тушумга оид даромад сифатида қарашга сабаб бўлади.

Тўртинчи аломат
Сотиш учун тайёрлаш. Одатда товарлар сотиш учун тайёрланади. Агар ўз фойдаланиши учун олинган мулкни ҳам бозорда сотиш учун алоҳида қўшимча сарфлар амалга оширилса, ушбу операциядан кўзланган асл мақсад ундан фойдаланиш эмас, балки бозорда сотиш бўлганини кўрсатади. Масалан, бино сотиб олинган. Бинони бироз фойдалангандан сўнг қайта таъмирлашга киришилган. Мазкур ҳолат компаниянинг мақсади аслида бинони қайта сотиш мақсади бўлганини кўрсатиши мумкин.

Бешинчи аломат
Реализация учун сабаб бўлган ҳолат
. Баъзан бирор мулкни сотиш зарурати компанияга етишмаётган пул маблағи ёки кредиторларнинг талаби натижасида бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда фойдаланиш учун олинган мулкни товар реализацияси сифатида қаралиши эхтимоли кам бўлади.

Олтинчи аломат
Фойда кўриш истаги
. Бирор мулкни қайта сотиш орқали фойда кўриш истаги борлиги ушбу операцияни товар реализацияси сифатида қаралишига сабаб бўлади.

@auditor_team
#иқтибос

Билим ва кўникма ўртасидаги кўприк - амалиётдир,
Кўникма ва усталик ўртасидаги кўприк - вақтдир.


Жим Бухарт

@auditor_team
Бозор иқтисодиёти...

#латифа

Бир куни шогирт устозидан ўзи ёзаётган китоб бўйича савол сўради:
- Устоз, бозор иқтисодиёти деган сўзда “б” харфи ишлатиладими ёки “п” харфими?
- Сени билмадим, менга “п” деган экан.

Хулоса: устозлар бозор иқтисодиётини тўғри ёзайлик тарих варақларига. Бу фикрларни бозор нархларини аниқлашнинг янги усулларига умуман алоқаси йўқ.

#auditor_team
Чет элдаги компания улушини сотиб олиш мумкинми?

#мулоҳаза

ЎзР компаниялари ва фуқароларига чет элдаги компания улушини сотиб олиш бўйича бирор тақиқ мавжуд эмас.

Фақат СКнинг 21-моддасига мувофиқ солиқ тўловчи бўлган компания ёки жисмоний шахслар чет эл юридик шахсларидаги иштироки тўғрисида, агар устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши 10 фоиздан ортиқ бўлса, хабардор этиши шартлиги белгиланган.

Чет эл юридик шахслари фаолиятида иштирок этиш тўғрисидаги хабарнома шундай чет эл юридик шахсида бундай хабарномани тақдим этиш учун асос бўлган иштирок этиш юзага келган (улуш ўзгарган) санадан эътиборан бир ойдан кечиктирилмаган муддатда тақдим этилади (СК 209-модда).

@auditor_team
Жарима миқдори ўзгарди...

#мулоҳаза

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227 прим 1-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Жарима юзага келтирувчи предмет нима?

1️⃣ Компания ҳисоб маълумотларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш

2️⃣ Товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш

Қуйидаги жарималарга сабаб бўлади:

Биринчи марта: реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 %и миқдорида жарима;

Бир йил давомида такрор содир этилса: реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 %и миқдорида жарима;

Аввал ушбу ҳуқуқбузарлик реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида (100%) жарима солишга сабаб бўлар эди.

📚 Ушбу қонунчиликдаги ўзгартиришга нисбатан мулоҳазалар:

1️⃣ Ўзбекистон солиқ жарималарини соф тушумга боғлаган кам сонли, эхтимол ягона дунё давлати бўлиши мумкин;

2️⃣ Тушум тушунчасининг солиқ қонунчилигида аниқлаштирилмаганлиги келгусида бошқа даромадлар ва тушум ўртасидаги мунозарали саволларга сабаб бўлади;

3️⃣ Жарима предмети (маркировкалаш ва интеграция талаби) солиқ қонунчилигига эмас, бошқа қонунчилик хужжатларга боғланиши бизнесга солиқ кодексида кўрсатилмаган тартиб-қоидаларни талаб қилишга сабаб бўлади. Натижада, солиқ солиш моҳияти солиқларни тўғри ундиришдан кўра ноқонуний фаолият билан курашишга қараб кенгаяди.

@auditor_team
Бухгалтерия ҳисобининг сиз билмаган тамойили...

#мулоҳаза

Кўпчилик давлатлар ўз бухгалтерия ҳисоби стандартларини ишлаб чиқаркан, МҲХС стандартларини асос қилиб олиши табиий ҳолат. Лекин, амалда баъзи фарқли жиҳатлар ҳам киритилади. Бундай концептуал фарқлардан бири – “Ижтимоий масъулият” тамойилидир.

Ижтимоий масъулият тамойилининг мазмуни – компаниялар бухгалтерия ҳисобини юритиш орқали энг аввало жамият олдида жавобгар экани, ҳисобнинг тўғри юритилиши жамиятнинг ҳар бир аъзосининг иқтисодий аҳволи, келажаги учун таъсир кўрсатишини англатади.

Бу тамойилни моҳиятига етган бухгалтер директор кўрсатган ноқонуний хужжатга имзо қўймайди, таъсисчининг молига ҳиёнат қилмайди.

@auditor_team
Россия Федерацияси ЖШДС бўйича шкалага ўтишга қарор қилдими?

#мулоҳаза

Россия молия вазирлиги солиқ ислоҳотларининг янги босқичини эълон қилган. Унда бир қанча солиқларга ўзгаришлар бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Ушбу ўзгаришлар 5 августга қадар қабул қилиниши кутилмоқда.

Асосий ўзгаришлардан бири ЖШДС бўйича таклиф этилган шкала бўлмоқда. Ушбу шкаланинг ставкалари бўйича юқоридаги жадвал орқали танишишингиз мумкин.

Шкалани киритилишидан мақсад
Икки ёки ундан ортиқ фарзанди бўлган ота-оналар ўзлари тўлаган ЖШДСнинг 7 фоизини қайтаришлари мумкин бўлади. Лойиҳага кўра, йил охирида ота-оналардан ушлаб қолинган солиқнинг тегишли фоизи ижтимоий хизматлар орқали уларга "автоматик равишда" қайтарилади.

📚Иқтибос: Бу шкала ўрта қатлам даромадларини қуйи қатламга қайта тақсимлаши мумкин ҳолос. Бойлар ишламайди, улар дивиденд олади.

@auditor_team
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Юридик шахснинг резидентлик мақоми

#мулоҳаза

Юридик шахслар солиқ тўловчиларнинг муҳим тоифаси ҳисобланади. Асосан, фойда солиғи мақсадларида юридик шахслар икки тоифага ажратилади: резидент ва норезидент юридик шахслар. Юридик шахснинг резидент эканини аниқлаш учун қуйидаги 3 та тестдан иборат модел қўлланади.

БИРИНЧИ ТЕСТ
Юридик шахс ЎзР қонунчилигига кўра ташкил этилганлигини аниқлаш лозим. Бундай юридик шахслар тижорат ёки нотижорат шаклида ФКда белгиланган ташкилий ҳуқуқий шакллардан бирида ташкил этилади ва ЎзР давлат рўйхатидан ўтказилади. Бундай рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида тегишли гувохномага эга бўлади.

ИККИНЧИ ТЕСТ
Биринчи тест бажарилмаган тақдирда ушбу юридик шахсни чет эл юридик шахси деб хулоса қилиш мумкин. Энди ана шу чет эл юридик шахсни ЎзР резиденти эканини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш масалалари бўйича халқаро шартномаларига мурожаат қилинади. Агар ушбу чет эл юридик шахси бундай халқаро шартномага мувофиқ ЎзРнинг солиқ резиденти деб эътироф этилган бўлса, ушбу тест бажарилган ҳисобланади.

УЧИНЧИ ТЕСТ
Иккинчи тест бажарилмаган тақдирда чет эл юридик шахсини ҳақиқатда бошқарув жойи аниқланади. Буни аниқлаш учун СКнинг 34-моддасига мурожаат қилинади. Умумий қилиб айтганда, агар чет эл юридик шахси ўз фаолияти бошқарувини ЎзРда амалга оширса ёки муҳим бошқарув аъзолари (кузатув кенгаши аъзолари ёки бош директор) ЎзРда турса, юридик шахснинг ҳақиқатда бошқарув жойи ЎзР ҳисобланади.

Агар юқоридаги тестларнинг бирортаси бажарилмаса, юридик шахс норезидент ҳисобланади.

@auditor_team
Эски усуллар билан янги натижаларни кутманг...

#мулоҳаза

Бир неча кун олдин, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот ва Чет эл валютасидаги активлар ва мажбуриятлар ҳисоби стандартлари лойиҳасини эълон қилган.

Биринчидан, БҲМСларни жамлаш орқали кичик ва ўрта бизнес учун ягона миллий стандарт ишлаб чиқиш лойиҳасидан воз кечилган ва эски усулга кўра стандартларни янгилашга киришилган.

Иккинчидан, стандарт номига эътибор берилса, Бухгалтерия ҳисоби стандарти сўзи ўрнига Молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти сўзи ишлатилган. Лекин, бу янги тоифадаги стандарт бўлиб, 1-сондан бошланмайдими? Осмондан тушгандек, 9-сон МҲМС пайдо бўлиши профессионал ёндашув ҳисобланмайди.

Учинчидан, таклиф этилаётган стандартлар лойиҳасининг ўзбек тилидаги атамалари МҲХС бўйича тан олинган стандартлар атамаларига мувофиқ эмас. Айни бир атамани икки стандартда турлича таржима қилиниши келгусида суд низолари кўпайишига сабаб бўлади.

Тўртинчидан, чет эл валютасидаги операцияларни ҳисобга олиш бўйича янги стандарт факат бўнаклар бўйича операцияни қайта баҳоланмаслигини кўрсатади ҳолос. Монетар ва номонетар тушунчалар киритилмаган. Натижада, баланс моддалари қайси хусусиятига кўра қайта баҳоланиши керак деган саволга концептуал жавоб йўқ.

Стандартлар ишлаб чиқишда ҳалқаро экспертларни жалб қилиш имконияти барча давлатларда мавжуд. Жумладан, ЎзРда ҳам. Яна 30 йиллар амалиётда ишлатиладиган стандартларни юқори савия билан ишлаб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

@auditor_team
Навбатдаги курсимиз эртага бошланади...

#ўқув_курси 
                
Энг
мароқли саёхат биз учун илм олиш саёхатидир. Шу мақсадда "Солиқ солиш асослари" китобимиз асосидаги курсимизни аллақачон бошлаб олдик. Унда 50 дан ортиқ бухгалтерлар, солиқ мутахассислари ва аудиторлар билан ўз мулоҳазаларимизни бўлишмоқдамиз.

🤔Дарсларда асосан нима ўргатилади?

Дарсларимиз Солиқ Кодексига асосланган бўлиб 8 та дарсни қамраб олади, ва Cизга  Ўзбекистондаги турли хилдаги солиқ турлари, уларнинг базалари, қандай ҳисобланиши, имтиёзлари ва шунга ўхшаш муҳим назарий ва амалий билимлар берилади.

🧑🏻‍💻Курс қаерда бўлади?

Дарсларимизни ҳаммаси Зоом платформасида бўлади ва ёзиб олинган видео дарслар Сизга керакли китоблари билан биргаликда тақдим этилади.

🤔 Курсни нархи қанча?
299 000 сўм.

Курсга қандай ёзилиш мумкин?

Сиз ушбу линк орқали унга ариза беришингиз ёки @auditor_admin га тўгридан-тўғри боғланишингиз мумкин.

⌛️ Навбатдаги гуруҳ очилиш санаси : 1-Июн, 2024.

@auditor_team
#иқтибос

Аслида нима қилаётганимиз ва нима қила олишимиз ўртасидаги фарқ дунё муаммоларини ҳал қилиш учун етарли бўлади...

Махатма Ганди

@auditor_team
Фойда солиғи таълимоти (Сингапур 4-қисм)

#мулоҳаза

Фойда солиғини ҳисоблашда фаолиятга оид бўлмаган даромадлар дастлаб солиқ солингунча фойдадан чегирилади ва ҳисобот якунида қайта қўшилади. Бундан кўзланган мақсад ҳисоботда компания фаолиятининг даромадини алоҳида аниқлаб олиш ҳисобланади.

Фаолиятга оид бўлмаган даромадларга дивидендлар, фоизлар ва ижара даромади киради.

Дивидендлар
Диивиденд бу компания ўз мулкдорларига фойдани тақсимлаб беришини англатади. Бу тақсимланган фойда олувчи учун капитални қайтарилиши эмас, даромад ҳисобланади. Дивиденд пул маблағлари билан ёки бошқа мол-мулклар билан ҳам тўланиши мумкин. Дивиденд мол-мулк билан тўланган тақдирда унинг бозор қиймати дивиденд суммасини ифодалайди.

Одатда дивиденд компания директорлар кенгаши қарори билан тақсимлаш учун тасдиқланганда уни тўлаш бўйича мажбурият юзага келади. Олинган дивидендлар агар резидент компаниядан олинса, солиққа тортилмайди. Бунинг сабаби мамлакат ичида инвестиция фаолиятини кенгайтириш мақсад қилинган.

Фоизлар
Фоизлар даромад сифатида тўлаш санасида ёки тўлаш санаси келган пайтда тан олинади. Фоизлар Сингапурда алоҳида рўйхати шакллантирилган банкларга депозит қўйган тақдирда солиққа тортилмайди. Бундан кўзланган мақсад маҳаллий банкларни қўллаб қувватлаш ҳисобланади.

Ижара даромади
Кўчар ёки кўчмас бўлишидан қатъий назар ижара даромади уни олувчи компания томонидан солиқ солиш базасига қўшилади. Бунда ижара даромадини тан олиш санаси унинг тўланиши лозим бўлган сана ҳисобланади.

@auditor_team
Юридик шахсни резидентлик мақомининг аҳамияти

#мулоҳаза

Юридик шахсларнинг резидент ёки норезидент сифатида таснифланиши уларни солиққа тортиш тартибига таъсир кўрсатади. Қуйида ушбу таъсирларни тегишли солиқлар доирасида кўриб чиқамиз.

Фойда солиғи

ЎзР резидент юридик шахслари фойда солиғини ЎзРда ва унинг ташқарисида олган жмаи даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқдан солиқ тўлайди. Норезидент юридик шахслар фойда солиғини тўлашда икки тоифага ажралади: доимий муассаса ҳосил қилувчи норезидент ва доимий муассасани ҳосил қилмайдиган норезидент.

Доимий муассасани ҳосил қилувчи норезидент ЎзРда ва қисма унинг ташқарисида олинган жами даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарқдан солиқ тўлайди. Бунда доимий муассаса фойда солиғини ҳисоблашда умумий тартибдан ташқари СКнинг 49-боби ҳусусиятларини ҳисобга олиши лозим. Бундан ташқари доимий муассаса хизматлар экспортига нол ставка қўллашга ҳақли эмас.

Доимий муассаса ҳосил қилмайдиган норезидент фақат ЎзР манбаларидан олган даромади бўйича солиқ агенти орқали фойда солиғини тўлайди. Бунда даромадларга тегишли харажатлар чегирилиши назарда тутилмайди. Умумий ҳолатда норезидент юридик шахслар дивидендлар ва фоизлар бўйича 10%, бошқа даромадлар бўйича 20% фойда солиғи тўлайди.

ҚҚС
Мазкур солиқ ҳудудга асосланган солиқ бўлиб, компанияларнинг резидент ёки норезидент мақомининг аҳамияти бўлмайди. Бунда товарлар ва хизматлар реализациясини ЎзР худудида амалга оширган ЎзР юридик шахси ҳам чет эл юридик шахси ҳам ҚҚС тўлаши керак бўлади.

Акциз
Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган чет эл юридик шахслари товарларни ЎзРга олиб киришни амалга оширганда акциз солиғи тўловчиси ҳисобланади.

Ижтимоий солиқ
ЎзРда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи ЎзР норезидентлари бўлган юридик шахслар, чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари ва филиаллари ҳам айни ЎзР резидент юридик шахслари каби ижтимоий солиқни тўлайди.

ЎзР ҳудудида ишлаш учун чет эллик ходимлар билан таъминлаш юзасидан хизматлар кўрсатишга доир шартномалар бўйича ЎзР норезиденти бўлган юридик шахсга тўланадиган чет эллик ходимларнинг даромадлари ҳам ижтимоий солиққа тортилади. Бунда база чет эллик ҳодимларнинг даромад суммаси, бироқ умумий шартнома суммасининг 90%идан кам бўлмаган суммани ташқил қилади.

Мол-мулк солиғи
ЎзР юридик шахслари ўртача йиллик қийматдан келиб чиққан ҳолда кўчмас мулклар бўйича солиқ тўлайдилар. Бунда компания эгалигидаги бино ва иншоотлар учун энг кам қийматлар ҳисобга олиниши лозим. ЎзР норезидент компаниялари ЎзРда кўчмас мулкка эга бўлган тақдирда ушбу мулклар бўйича қадастр қиймати асосида солиқ тўлайди.

Солиқ агенти сифатида солиқ тўлаш
Ўз фаолиятини доимий муассаса орқали олиб борадиган ЎзР норезидент юридик шахслар солиқ агенти сифатида белгиланган солиқларни (ЖШДС, норезидентларга тўлов манбаида солинадиган солиқлар бўйича) ҳисоблаши, солиқ тўловчидан ушлаши ва бюджетга тўлаши лозим.

@auditor_team
Резидент ва норезидент юридик шахслар

#мулоҳаза

Бугун Солиқ кодекснинг 33-моддасини шарҳлаймиз. Мазкур моддада юридик шахсларнинг резидент ва норезидент тоифаларига ажратиш меъзонлари кўрсатиб ўтилган.

Мазкур модда шарҳи билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

@auditor_team
#иқтибос

Солиқ китобини 15 майда эълон қилдик. Ўтган 15 кун ичида уни 21 500 киши юклаб олган. Ундаги фикрларни аллақачон кўп инсонларнинг тилидан эшитишга улгурдик. Биз учун энг катта мукофот ана шу эди. Китобнинг 2025 йил учун таҳрири умуман бошқача бир шаклда чиқишини ният қиламиз.

Яна бир янгилик ушбу китоб қорақалпоқ тилига ҳам таржима қилинмоқда.

Китобни юклаб олиш учун
👉 ўзбек тилида ушбу ҳавола орқали
👉 инглиз тилида ушбу ҳавола орқали

Муаллифдан


@auditor_team
2024/06/03 04:03:45
Back to Top
HTML Embed Code:


Fatal error: Uncaught Error: Call to undefined function pop() in /var/www/tgoop/chat.php:243 Stack trace: #0 /var/www/tgoop/route.php(43): include_once() #1 {main} thrown in /var/www/tgoop/chat.php on line 243