Telegram Web
​​Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу
(1)

"Бордир қанча-қанча сочи тўзиган,
Ғубор босган,  кийган икки жандани.
Лек Аллоҳга ичса қачонки қасам,
Тилаги бажодир бундай бандани.

Баро ибн Молик ўшалардандир"
Бу шоирнинг эмас Набийнинг гапи.
Ямома жангида саксон жойидан,
Ярадор кимсанинг паноҳи-Робби.

Ҳурмузон айлади Барони қатл,
Барога Фирдавс берилсин омин!
Баро ўлгач қилиб Исломни қабул,
Ҳурмузон ҳам бўлди яхши тобеъин.

Мен ҳавас қиламан шаҳарлар аро,
Оламнинг Мадина-Маккаларига.
Саҳобалар ичра Бародек жасур,
Анаснинг туғишган акаларига.

@A_meshayan
16:27-01.03.2025
Рамазоннинг илк куни.
Абдураҳмон Мешаян
​​Лубайна розияллоҳу анҳо
(2)

Қул бир аёл эдинг мусулмонликни-
Қабул қилганингга ер эдинг қамчи.
Оғзингдан тупуриб қоп-қора қонни,
Ёғарди кўзлардан марварид томчи.

"Мен сени урушдан тўхтадим чунки,
Калтаклай-калтаклай чарчадим ахир".
Сени уриб хориб бу гапни айтган,
Кимсадан қутқарди пок Абу Бакр.

Сўнгра озод бўлдинг,  қулмас бўлиб ҳур,
Янада Қуръонга қўйдинг муҳаббат.
Жаннатда сочажак оразинг соф нур,
Кавсар ичиргайдир сенга Муҳаммад.
(Алайҳиссалом)

Ҳозир кўпайгандир гоҳ рўмол ўраб,
Гоҳ уни ечганча қилгувчи майна.
Гарчи тупурмаган улар сендек қон,
Сендек бардошлимас улар Лубайна.

@A_meshayan
05:16-02.03.2025
Абдураҳмон  Мешаян
​​Шеър ёзаётганимдаги "жинни" одатларим.

Агар баҳор бўлса, ҳовлимда ўтириб ёзаётганимда онам чой келтириб беришларини илтимос қиламан.
Уйда акамнинг ишчилари бўладими, жиянларимми улар эмас айнан онам олиб келиб берсалар ижодим қайнайди.

Ўзим билан ўзим гаплашаман, маслаҳатлашаман. Эплаб ёзолмасам ўзимни хокимлар селектр ўтказганда қўл остидагиларини қанақа сўкса шунақа сўкаман.
Бир куни қўшнимиз шунақа "ўзим билан ўзим гаплашиб" ўтирганимни кўриб онамга айтибди.
Онам "Болам азалдан шунақа, ўзига индама" дебдилар.

Ишқий шеърлар ёзаётганимда "Людмила Прокофьевна" ёрдамга келади.
Овозини эшитсам бўлди, сатрлар тўкилаверади. Ким у деяпсизларми?
"Рекламага тушмайдиган қиролича".

Исломий шеърлар ёзаётганимда битта шеър учун ўнта одамга қўнғироқ қилишим, йигирма одамга маслаҳат сўраб мактуб ёзишим мумкин.
Шеър тайёр бўлган бўлади, маълумотларда хато йўқми деб текшираман.
Бу одатимдан энг кўп Муҳаммад Акбар Азим жабр чекади. Соат тунги 02:00 ми эрталабки 05:30 ми сим қоқавераман.

Илҳом умуман келмай қўйса Muhammad Temur A'zamни чойга чақираман.
У ғоялар сандиғи.
Яхшиям шеърларимдан пул топмайман.
Бу кишимга чўтал тўлаб ўлиб кетардим.

Жонтемирнинг шеърларини ўқисам хафталаб шеър ёзмайман.
Ўзимга ўзим "Қара бунинг қуйма сатрларини, сеники шиғирдан баттар" деявераман.

Уч юздан ортиқ шеърларим телефонда ёзилган.
Қораламаси йўқ. Менга шунақа қулай негадир.

Ёнимда ўзимга ёқадиган одам ўтирса ҳам бемалол ижод қиламан.Бунга гоҳида соатлаб вақт кетади. У хафа бўлмаса бўлди.

Гоҳида ухлаётганимда ҳам илҳом келади.
"Менга ўз диним" шеъримнинг илк тўрт қаторини онгимда ёзиб қўйиб, уйқумни бузолмай келгуси куни маршруткада ёзганман.

Энг кўп такрорлайдиган гапим: "Фу, шуям шеърми?"

Аллоҳга муножот қилиб шеър ёзаётганимда йиғи келади. Жамоат жойида бўлсам тортинаман.
Яқинда "Azon cafe"да ҳам шундай бўлди.
Умуман олганда соғ одамдан шоир чиқмайди ўзи.

Ўзимга ёқимсиз мавзуда буюртмага шеър ёзолмайман.

Абдураҳмон Мешаян
​​Умму Кулсум бинти Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам

(3)

Гарчи эди отангиз Набий,
Онадан ҳам бахтингиз кулган.
Юрагингиз эзиб ётарди,
Жуда оғир изтироб улкан.

Истар экан отангиз мудом,
Буюк ислом топмоғин ривож.
Бир томонда опангиз Зайнаб,
Абул-Ос-ла ёрдамга мухтож.

Опангиз Руқайя мусофир,
Синглингиз Фотима эди ёш.
Волидангиз Ҳадижа бемор,
Ботар эди бамисли қуёш.

Кўз ёшингиз шашқатор оқди,
Волидангиз қўйгач қабрга.
Сўнг намуна кўрсатдингиз сиз,
Суянгача метин сабрга.

Йиллар ўтди иймонингизда,
Ортиб борар экан даража.
Опангизнинг вафотидан сўнг,
Сиз бўлдингиз Усмонга завжа.

Аммо жуда шафқатсиз ўлим,
Қутулмоққа чора бўлганда.
Вафот этмас эдингиз ахир,
Йигирма еттига тўлганда.

Пайғамбарга қийин бўлди кўп,
Ётар эди уч қизи маъсум-
Руқайя ва Зайнабдан кейин,
Мана энди дооод Умму Кулсум...

Хадичанинг эй азиз қизи,
Эй атаган набийни падар.
Хаққингизга уммат қилажак,
Гўзал дуо қиёмат қадар....

@A_meshayan
11:37-02.03.2025
Абдураҳмон  Мешаян
​​Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ва Хадижа розияллоҳу анҳо севгиси

(4)

Йигит кўркам ёши йигирма бешда,
Ёмон қилмас эди асло ҳаёлни.
Агар мард бўлмаса ёр қилармиди,
Ўзидан ўн беш ёш катта аёлни?

Бу гўзал муҳаббат,  гўзал ишқ эди,
Шоир беҳудага жўшгани йўқдир.
Муҳаммад пайғамбар йигирма беш йил,
Бу ишққа бошқа ишқ қўшгани йўқдир.

Йўқса яна қайта уйлангум деса,
Ким дерки Хадижа бошин эгмасди?
Ёш ва гўзал ҳамда набий одамга,
Оғиз солиб кўрса ким ҳам тегмасди?

Сўнг айрилиқ келди ўлим дастидан,
Яқин-узоқларнинг оғриркан дили.
Пайғамбар ёридан айрилган йилни,
Бежиз атамади "маҳзунлик йили"

Шу қадар ёридан мамнун эдики,
Набий  дерди  кўнгли Хадижадан тўқ:
"Одамлар молию жонин қизғонса,
Хадича жону мол қизғонгани йўқ".

Бу гўзал муҳаббат,  гўзал севгидан,
Олти фарзанд келди ёруғ оламга.
Ўн тўрт  аср сўнг ҳам шоирлар бежиз,
Бу ишқ тарихини олмас қаламга.

Набий эллик ёшда ёри олтмиш беш,
Йигирма беш йил ҳам сувдек оқдида.
Шунда ҳам демади ишқи сусайиб:
" Сен қаридинг,  бошқа ёши ёқдида".

Набийга меҳрла қаралибдики,
Чорак аср бошқа(га) боқмади қиё.
Дунё дунё бўлиб яралибдики,
Бундан кучли ишқни кўрмаган дунё.

@A_meshayan
05:08-03.03.2025
Абдураҳмон Мешаян
Yaxudiy buzrukvor ibrati
@m_zuhriddin_official
ЯҲУДИЙ БУЗРУКВОР ИБРАТИ

🎤Ижрочи: Зуҳриддин Муҳаммадалиев
✍️Муаллиф: Абдураҳмон Мешаян


Яқинларингизга ҳам улашинг !
👇👇👇👇

@m_zuhriddin_official
​​​​ЯҲУДИЙ БУЗРУКВОР ИБРАТИ

Рамазонда кўриб ўғли еб турганин нон,
Унга қаттиқ дашном бермиш яҳудий падар.
“Мусулмонлар рўзадордир, эй азиз ўғлон,
Нонинг уйда егил, рўза битгунга қадар”.
 
Бугун эса қоқ пешинда “оғзини очиб”,
Кўча-кўйда нон-ку майли, хамр тотган мўл.
Жувон юрар, рўзада ҳам сийнасин очиб,
Гап гапирсанг, жим бўл дерлар, эрим қўйган йўл!
 
Рўза чоғи ўғил ичса индамас ота,
Дегим келар бахтга яқин йўлолмадингми?
Рамазонни қадрлагач, ҳурмат уйғота,
Бир яҳудий бузрукворча бўлолмадингми?

@A_meshayan
10:04-04.06.2017
Абдураҳмон Мешаян
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Илгарилари бирор санъатчига бориб фалон таронангизни айтиб беринг дейилса у "майли айтаман фақат бундан кейин айтолмай қоламан юрагим кўтармайди" деса кулардим.
Қадрини оширяпти деб.
Кейинчалик бу ҳолат ўзимда ҳам доимий кузатилгач уларни тушундим.
Ҳеч қачон шеърни юракдан ёзмасанг одамлар унинг дардини ҳис қилмайди.
Шеърларимни йиғлаб ўқийдиганлар кўп.
Ўзим ҳам шу ҳолатда ёзаманки одамларга шу дард юқади.
Шеъриятнинг ширин ва аччиқ томонлари кўп.

Абдураҳмон Мешаян
​​Абу Дардо ва Умму Дардо севгиси...

(5)

Бир куни Муҳаммад Алайҳиссалом,
Садақа хақида сўзлар эканлар.
Яхшилик хақида сўзлаб зўр калом,
Умматга хайрни кўзлар эканлар.

Абу Дардо деди: "Боғим садақа"
Сўнг Умму Дардога уйга қайтган он,
Дедилар: "Боғдан чиқ ва кирма бошқа,
Мен уни садақа айладим инон".

Умму Дардо зарра афсус чекмади,
Уйгани ҳам йўқдир қошу қабоғин.
"Тўғри қилибсиз ҳам савоб ишлабсиз,
Дея боғдан чиқди олиб товоғин".

Шундай оила эди бу саодатманд,
На эр ва на ҳотин эмасди баҳил.
Бир кун Абу Дардо бўлгунча дардманд,
Умму Дардо бирла яшашди аҳил.

Ўлим тўшагида ётаркан эри,
Сезаркан ёр энди ажал ўлжаси.
Юрагида борин сўзлай бошлади,
Йиғлаб-йиғлаб Абу Дардо завжаси:

"Сиз менга дунёда совчи қўйдингиз,
Ота-онам сизга қўйди никоҳлаб.
Охиратда сизга мен энди ўзим,
Совчи қўяжакман чин дилдан хохлаб.

Жаннатда ҳам бирга бўлмоғимизни,
То жоним бор экан истаб қоламан.
Роббим бирлаштирур албатта бизни,
Мен сизни Роббимдан сўраб оламан...."

@A_meshayan
14:43-03.03.2025
Абдураҳмон Мешаян
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Болалигим энди қайтмагайсанми?

Қулоғимга ширин алёрларингни,
Аста келиб менга айтмагайсанми?
Қайтаргум деб асл дўст-ёрларингни,
Болалигим энди қайтмагайсанми?

Қайтсанг андуҳдан юз ўгирармидим,
Отам тиззасида ўтирармидим.
Армон шағамларин ўчирармидим,
Болалигим энди қайтмагайсанми?

Болалик чоғларда кўнгил эди тўқ,
Қалбни вайрон қилган мухаббат ҳам йўқ.
Булбуллар боғларда куйларди шўх-шўх,
Болалигим энди қайтмагайсанми?

Соғиндим тоғдаги қизғалдоқларни,
Беғубор болакай қизалоқларни.
Отам олиб берган музқаймоқларни,
Болалигим энди қайтмагайсанми?

Хасрат хар кимсадан юзларин бурсин,
Кимки хозир бола қандини урсин.
Ташвиши тугамас катталик қурсин,
Болалигим энди қайтмагайсанми?

@A_meshayan
03.01.2025
Абдураҳмон Мешаян
​​Абу Айюб ал Ансорий розияллоҳу анҳу

(6)

Ўз Ватани гўзал Маккасидан кетиб,
Мадинага хижрат қилди пайғамбарим.
Хурмоси мўл бу диёрга келгач етиб,
Уйингизни маскан билди пайғамбарим.

Нақадар бахт Абу Айюб Ал Ансорий,
Ўз уйидан пайғамбарга бермоқлик жой.
Биз юзларин кўрмоқликка тушда ҳам зор,
Сиз набий-ла яшадингиз вах етти ой.

Аёлингиз ҳар кун таом тайёрлади,
Сиз қилдингиз набий оиласин меҳмон.
Уйингизда билмам моҳ ё шамс порлади,
Сиз бўлдингиз дунёда энг бахтли мезбон.

Кимнинг умри ўтиб кетди беҳудага,
Кимдир тикди ҳаётини фасодларга.
Сиздек умр бағишлаган зотлар қани,
Хақ йўлида жанг қилмоғу ғазотларга.

Юрагида олови бор сиз азизни,
Мендек оддий шоир нечун қилмасин мадҳ?
Саксон ёшга етган чоғ Хақ ишқи сизни,
Бошлаб чиқди Истанбулни қилмоққа фатх.

Истанбулга етар етмай бердингиз жон,
Ҳаётингиз бўлди ўрнакдан иборат.
Мендек фақир арман ўғли топиб имкон,
Қилган эди турбангизни бир зиёрат.

Туркияга борар бўлсам йўқ ёзилгим,
На раис на вазир кўрмоққа қабулга.
Турбангизни лек зиёрат айлагайман,
ИншаАллоҳ яна борсам Истанбулга.

P. S: Саҳарликка шеър жойлолмадим.
Илҳом энди келди.
Нима ҳам қиламан ҳечдан кўра кеч.
Мазза қилинглар ўқиб.

@A_meshayan
07:56-04.03.2025
Абдураҳмон Мешаян
​​​​Абдуллоҳ Зул-бижадайн розияллоҳу анҳу

(7)

Қабиласи эди Музайна,
Эргашгани бир Расулуллоҳ.
У муҳожир саҳобалардан,
Ўрганарди Қуръонни гоҳ-гоҳ.

У исломни қилганча қабул,
Мўминлигин махфий тутганди.
Боқиб олган амакиси ҳам,
Мусулмон бўлишин кутганди.

Эрта қолиб отадан етим,
Меросга ҳам чиқмасдан эга.
Амакиси қарамоғида,
Яшар эди дардларин енга.

Орзуларин парвози баланд,
Қалби эди иймон уяси.
Амакиси сабаб бор эди,
Қўйи,  қули битта туяси.

Мадинага келганда Набий,
Ёнларига боролмади у.
Узоқ йиллар амакисига,
Кўнглини ҳам ёролмади у.

Ўтгачгина орадан йиллар,
Амакига шундайин деди.
"Узоқ кутдим Расулуллоҳга,
Амакижон эргашсанг эди,

Аммо буни хохламадингиз,
Менга энди берингиз изн"
Амакиси қасамлар ичиб,
Жиянига айтди ўз сўзин:

"Муҳаммадга эргашсанг агар,
Ёрдамимга бераман барҳам.
Хамма нарсанг тортиб оламан,
Ҳатто устдан кийимингни ҳам".

Борин берди қайтариб жиян,
Бўлмаслик-чун куфрга маҳкум.
Амакиси эса айлади,
Изоридан хаттоки маҳрум.

Онасининг ёнига борди,
Сўнг Абдуллоҳ аламлар ютиб.
Она унга бир мато берди,
Ярмин белдан пастига тутиб-

Ярмисини белдан юқори,
Ўзин босиб олганча қўлга.
Шу ҳолатди Мадина томон,
Чиқиб кетди Абдуллоҳ йўлга.

Йиллар ўтди Абдуллоҳ гўзал-
Ҳулққа эга мусулмон бўлди.
Шундай экан тақдири азал,
У Табукда ғазотда ўлди.

У ўлганда пайғамбаримиз,
Ўз қўли-ла лаҳадга қўйди.
"Эй Аллоҳ мен ундан розиман,
Сен ҳам рози бўлгин"
деб қўйди.

Ўша ерда буни эшитиб,
Деган эдики Ибн Масъуд:
"Қанийди шу қабр соҳиби,
Мен бўлсайдим бўлардим хушнуд".

У эмасди кофир бир одам,
Ё муртад ё черков роҳиби.
У Абдуллоҳ Зул-бижадайн,
Асли "икки мато соҳиби"

@A_meshayan
14:19-04.03.2025
Абдураҳмон Мешаян
​​#АНАС_ИБН_МОЛИК_ЙИҒИСИ

Анас ибн Молик йиғларкан ёмон,
Доим Тустар фатҳин олганда ёдга.
Саҳоба бўлсада кўз ёш бегумон,
Бегона бўлмаган у улуғ зотга.

Гарчи жанг қилмишлар Тустар фатҳида,
Аллоҳ бўлсин дея улардан рози.
Йиғининг боиси экан аслида,
У кун қазо бўлган бомдод намози.

Мушрикларга қарши жанг қила туриб,
Намозлари қазо бўлгани учун.
Бир саҳоба йиғлар.. Сенчи ох уриб,
Йиғлашни билмайсан эй гумроҳ нечун?

Устдан кўтаролмай битта кўрпани,
Ухладинг уйқуни сен ширин билиб.
Шу боис Хақ сенга берганча жазо,
Яратмаган балки саҳоба қилиб...


@A_meshayan
Абдурроҳман Мешаян
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
АЖРИМ ОСТОНАСИДАГИЛАРГА...

Инсоннинг буйраги икки донадир,
Гоҳ бири яроқсиз бўлиб қоладир.
Жарроҳлик йўли-ла олиб ташланса,
Биттаси билан хам яшай оладир.
Фақат биттагина КИЧИК МУАММО:
Соғлиғи панд бериб турадир аммо.

Инсоннинг буйраги икки донадир,
Гўё бири-ота бири- онадир.
Ажрашса иккиси бечора фарзанд,
Биттаси билан хам яшай оладир.
Фақат биттагина КАТТА МУАММО:
Кўзлари порлаши сўнг қийин аммо...

@A_meshayan
2017-йил
Абдураҳмон Мешаян
​​АЛАМЛИ КИНОЯ

Эй бошинг бўлгур омон,
Сендан қўрқурлар ёмон.
Чунки тақво либосин,
Кийиб қўйишинг мумкин.

Қуръонга амал қилсанг,
Порани харом билсанг.
Пораҳўрнинг ризқини-
Қийиб қўйишинг мумкин.

Улғайсанг, бўлсанг олим,
Фатво тўқиса золим.
Ёлғончиларнинг тилин-
Тийиб қўйишинг мумкин.

Лек киритмай масжидга,
Зўр берарлар таҳдидга.
Бахона зўрлигин кўр,
Сийиб қўйишинг мумкин!

@A_meshayan
10:11-27.06.2017
Абдураҳмон Мешаян
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
​​"ОИША ИСМИ"

Ўзбекка одатдир айлайин огоҳ,
Кўк чой қуйиб ичиб, ширин ош ейиш.
Қаердан қайтяпсиз дейишса ногоҳ,
"Оиша холангнинг уйидан" дейиш.

Тинч қўймас ҳеч кимса Оиша исмин,
Эркак, аёл, хатто ўн яшар бола.
Тилига топшириб кўп кимса измин,
Ҳар куни эсланар "Оиша хола".

" -Қайтаяпман Оиша холангникидан",
"-Кетаяпман Оиша холангникига"
Кимса ўйлаб кўрмас Оиша исмин,
Хамма хақоратга қўшади..нега?

Собиқ иттифоқдан қолган бу одат-
Энг диндор қатламнинг обрўсин тўкиш.
Пайғамбар аёлин исмин ҳамма вақт,
Хар бир гапга қўшиб беўхшов сўкиш.

Дўстим, улғаймоқда ёнингда боланг,
Сўккинг келганида бу қадар жўшма.
Оиша Онамиздир! эмасдир холанг,
Муборак исмни сўкишга қўшма!

@A_meshayan
18:31-20.07.2022
Абдураҳмон Мешаян
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
​​#ЧУМОЛИГА_ҲАВАС

Эй ўрмалаб юрган майда чумоли,
Ҳушингни олмаган  дунёнинг моли.
Ҳавасим келади сенга,  ахир сен,
Қиёмат кунида сўроқдан ҳоли.

Тупроққа кетасан охир қоришиб,
Юрмаслар жарроҳлар қорнинг ёришиб.
Сени дахрий янглиғ жазоламаслар,
Заққумзор дўзахга олиб боришиб.

Ҳеч қачон падарга бўлмагайсан оқ,
Волиданг қарғамас, боланг ҳам бир боқ.
Кечалар тўлғониб ўйлаб чиқмайсан,
Бир кун ўтарман деб сиротдан қандоқ?

Сен ўз Ватанингни сотмагандирсан,
Дўстни пешонадан отмагандирсан.
Қавминг қишда музлаб қалтираган дам,
Иссиқ саройларда ётмагандирсан.

Гарчи сен эмассан тож бирла тахтли,
Йўлбарсдек шиддаткор, арслондек шахтли.
Рўзалари чала, намози қазо,
Закот бермайдиган бойдан сен бахтли.

Эй ўрмалаб юрган майда чумоли,
Ҳушингни олмаган  дунёнинг моли.
Ҳавасим келади сенга,  ахир сен,
Қиёмат кунида сўроқдан ҳоли.

@A_meshayan
02:52-02.05.2023
Абдураҳмон Мешаян
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
2022-йилдан бери ҳар рамазонда шу шеъримни жойлайман.
Мен уялиб нотўғри тушунишмасин десам,  қизлар ўқиётган экан буни ўз номидан.
Завқланиб роса кулдим😊😊😊😊
Шеъримнинг охирида бу қизнинг гапига умуман думаладим.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
​​Бўйдоқ хасрати

Сув билан "оғзимни очиш"дан тўйдим,
Хурмо ейишга ҳам қизиқмай қўйдим.

Эй дўстим ифтор деб оғритма бошим,
Егим келса бордир уйимда ошим.

Керакмас ҳечнарса ҳолим ғалати,
На турк кабоб ва на фаранг салати...

Қанақа ош энди қанақа норин?
Шуми ифтор фақат тўйдирсам қорин?

Қандоқ оғзим очмоқ ўзим билардим,
Гар севар ёрим-ла ифтор қилардим...

Бўлсайди ёнимда жанона бир ёр,
Битта ўпич билан бошлардим ифтор...

@A_meshayan
16-апрель 2021
Абдураҳмон Мешаян
2025/06/26 21:27:46
Back to Top
HTML Embed Code: